27 сентябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси янги президенти Умид Аҳмаджонов лавозимига тайинлангандан кейин илк марта журналистлар билан матбуот анжумани ташкил қилди.

ЎФФ президенти ташкилотнинг келгуси режалари тўғрисидаги баёнотидан сўнг бевосита журналистлар билан савол-жавобларга ўтилди.

—Сизга тайинланган учта вице-президентлар ҳам, ёки ҳукуматда ишлайдиган ёки бошқа давлат ташкилотларида фаолият юритадиган мутахассислардан иборат. Улар 24 соат давомида футболга эътибор қарата олишмайди. Лекин сизга ҳар доим футбол ҳақида ўйлайдиган ёрдамчи керак. Ким бу вазифани бажаради.
—Бизда барча штатлар бошқатдан кўриб чиқилмоқда. Бизда биринчи вице-президент сифатида Шоакрам Исроилов тайинланди. Улар олдинги иш жойлари — Жисмоний тарбия институти ректори лавозимидан бўшаб, тўлиқ ЎФФда ишлайдиган бўлди. Бундан ташқари ЎФФ президенти маслаҳатчиси деган янги лавозим жорий қилдик. У футболни жуда яхши тушунадиган одамлардан бўлади. Шунингдек эндиликда терма жамоаларга мураббий тайинлаш бўйича ҳам махсус кенгаш ташкил қилинади. Бу кенгашга Олий лига жамоалари мураббийлари аъзо бўлади. Ҳозирда 10та жамоа бош мураббийларини бу кенгашга аъзо сифатида танлаб олдик. Улар исталган ёшдаги терма жамоаларга мураббий тайинлаш, футболчиларни танлаб олиш, селекция бўйича бизга ёрдам беради. Қўшимчасига, ижроқўм билан келишиб олдик, ҳукуматда ва давлат ташкилотларида ишлайдиган раҳбарлар ҳам ҳеч бўлмаганда бир ойда бир марта йиғилиб, зарур масалалар бўйича гаплашиб оламиз. Ўйлашимча бу борада ҳеч қандай муаммо бўлмайди.

— Юқорида айтиб ўтдингиз, Ўзбекистон ёшлар ва аёллар ўртасидаги ЖЧдан бирини ўтказишни режалаштирмоқда. ЎФФ айнан қайси йилдаги мусобақани ўтказиш бўйича ариза топширмоқчи?
—Яқин уч йилдаги мусобақаларнинг мезбонлари аниқ бўлиб улгурган. Ундан кейинги йилларда, мисол учун 2022 йилдан бошлаб келгусида бўладиган мундиалларни ўтказишга ариза топширишимиз мумкин. Бу борада ҳозирча бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Фақатгина ЖЧларни эмас ФИФА конгрессини ҳам Ўзбекистонда ўтказиш режалаштирилган.

Рустам Қурбонов: — Бундай мусобақаларни ўтказиш учун катта тайёргарлик керак бўлади. Мисол учун бизда ўйинларни қабул қилишимиз учун замонавий стадионлар бор. Масалан Қаршидаги стадион қайтадан реконструкция бўлди, энди у ерда ҳеч бўлмаса 4 юлдузли меҳмонхона қуриш керак бўлади. Жиззахда яхши стадион битказилди. Умуман ўйинларни ўтказиш бўйича стадионларимиз етарли, лекин умумий инфраструктура бўйича бизда ҳал қилиниши лозим бўлган ишлар бор. Ёдингизда бўлса, ўз вақтида аёллар ўртасидаги ЖЧ бизга берилган лекин, кейинчалик қайтариб олинганди. Бунга айнан умумий инфраструктуранинг яхши эмаслиги сабаб бўлган. Бугунги кунда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида ҳар бир ҳудуднинг туризм салоҳиятини ошириш, шаҳарлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича бир қатор аниқ вазифалар белгилаб берилган. Шу ишлар амалга оширилгач, Ўзбекистон жаҳон миқёсидаги спорт турнирларини ўтказишга тўлиқ тайёр бўлади.

— Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийлиги учун янги номзод кўриб чиқилаётганини айтдингиз. Аниқ номлар бўйича маълумот бера оласизми? Умуман терма жамоа бош мураббийлиги учун қандай критериялар ҳисобга олинмоқда?

— ЎФФ ҳозирда 4-5 нафар номзодни кўриб чиқмоқдамиз. Улар билан музокаралар олиб борилмоқда. Аммо музокара қоидалари бўйича улар билан келишувга эришилмагани учун аниқ номларни сизга айта олмайман. Лекин бу масала яқин 15-20 кунда ҳал бўлишини айтишим мумкин. Келишув имзолангач, расмий сайтимиз орқали бу борада хабар берамиз. Мураббий танлашдаги критерияга келадиган бўлсак, ЎФФ биринчи навбатдаги мутахассиснинг Европадан бўлишига эътибор қаратмоқда. Шунингдек унинг бугунги кундаги ўзбек футболига қанчалик мос бўлиши ҳам ҳисобга олинмоқда, деган Аҳмаджонов.