27 сентябрь куни Ўзбекистон футбол федерацияси янги президенти Умид Аҳмаджонов лавозимига тайинлангандан кейин илк марта журналистлар билан матбуот анжуманида иштирок этди. Анжуманда раҳбар билан бирга ЎФФ вице-президенти Шоакрам Исроилов, Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, шунингдек ЎФФ ижроқўми аъзолари Рустам Қурбонов ва Мурод Алиев қатнашди.

Умид Аҳмаджонов: — Бугун ЎФФ сайлов конференцияси ўтганига 15 кун бўлди. 2018 йил ва 2022 йил учун режаларни ишлаб чиқдик. ЎФФ катта ўзгаришлар арафасида турибди.

Биринчи навбатда қилишимиз лозим бўлган ишларни ўзимиз учун белгилаб олганмиз. Бунда:
1. Ўзбекистон терма жамоасига янги бош мураббий тайинлаш. Бу борада ишлар ҳамон давом этмоқда.
2. Келишилган ўйинларга қарши жиддий кураш олиб борилади. Бу борада иш олиб борадиган янги жамоа ЎФФда иш бошламоқда.
3. Футболдаги таниш-билишчилик, уруғ-аймоқчиликни йўқотиш.
4. Футболчиларни ёшартириш билан боғлиқ турли қинғирликлар олдини олиш. Мен тушунаман, кимдир спортчилар оиласидан бўлиши мумкин, бундай оиланинг фарзандлари ҳам иқтидорли бўлиши ва арзирли футболчилар бўлиши мумкин, аммо шундай ҳолатлар борки, бу каби ҳолатларини йўқотиш керак.
5. ЎФФ шаффофлиги учун.
6. Олий лига ва биринчи лигани ривожлантириш.
7. ЖЧ-2022га чиқиш, Токио-2020 йўлланмасини қўлга киритиш, футболни оммалаштириш, Осиёдаги энг яхши федерациялардан бири бўлиш.