ЎФФ президенти Умид Аҳмаджонов журналистлар билан ташкил қилинган матбуот анжуманида федерация олдига қўйилган режалар бўйича баёнот берди.

«Бугун федерациянинг ҳисобот сайлов конференцияси ўтганига 15 кун тўлди. Шу вақт ичида биз Ўзбекистон футболининг 2018-2022 йилларга мўлжалланган ривожлантириш дастурининг охирги бобини ёзиб битирдик. Унда кейинги 4 йил ичида қилиниши керак бўлган энг муҳим масалалар акс этади. Бизнинг ишчи гуруҳимиз ушбу дастурнинг лойиҳасини сизга танишиб чиқиш учун тақдим этаяпти.

Қисқача қилиб айтишим мумкинки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси катта ислоҳотлар остонасида турибди. Ислоҳотларни амалга ошириш гуруҳи ишни бошлаш учун қулай нуқта – устувор масалаларни аниқлаб олган бўлиб, биз футболни кўтариш учун ана шу нуқтадан янги манзил сари йўлга тушамиз.

Устувор масалалар ҳақида биз жамоатчиликка хабар бердик. Лекин, бугун мен бу масалаларни яна бир бора алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман: 

Биринчиси, миллий терма жамоага бош мураббий тайинлаш масаласи бўлиб, ҳозирда ушбу жараён давом этаяпти.
Иккинчиси, келишилган ўйинларга қарши курашишни янги босқичга олиб чиқишдан иборат. Бунинг учун Ўзбекистон Футбол Федерациясида янги жамоа иш бошлаяпти, деб бугун мен бемалол сизга айта олишим мумкин.
Учинчиси, футболимиздаги таниш-билишчилик ва уруғ-аймоқчилик каби иллатларга қарши курашишдир. Мен тўғри тушунаман, агарда бу спортчилар оиласи бўлса ва улар ҳақиқатан ҳам ўз жойларига муносиб бўлишса, марҳамат. Лекин, шундай ҳолатлар борки, бу футболимизнинг илдизига болта уради. Биз мана шундай ғирромлик ва қинғирликдан тозалаш учун алоҳида мутахассислар гуруҳини жалб қилдик.
Тўртинчиси, федерация ишини шаффофлаштиришдир. Бу билан биз ишқибозларнинг федерацияга бўлган ишончи ва ҳурматини қозонишни ният қилганмиз. Чунки, биз учун халқнинг федерация ҳақидаги фикри жуда муҳим. Ҳаммага ёқишнинг иложиси йўқ, лекин салбий фикрларни йўқотиш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.
Бешинчиси, чипталар савдосини ислоҳ қилиш қилиш бўлиб, бунда биринчи рақамли вазифа электрон чипталар савдосини йўлга қўйишдир. Айнан шу йўл орқали чипталарнинг олиб-сотарлар қўлига ўтиб кетишига қарши курашиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир.

Бундан ташқари:
- болалар ва ўсмирлар футболини ривожлантириш, 
- мураббийлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан ислоҳ қилиш,
- олий лига ва биринчи лига мусобақаларининг савиясини ошириш,
- миллий терма жамоани 2022 йилги жаҳон чемпионатига олиб чиқиш,
- Ўзбекистон Футбол Федерациясини Осиёнинг энг  яхши федерацияларидан бирига айлантириш,
- барча жаҳон чемпионатларида иштирок этишга эришиш,
- оммавий футболни янги босқичга олиб чиқиш, 
- бутун Ўзбекистон бўйлаб футбол ўйнашни янада оммалаштириш ва осонлаштириш, ишқибозларнинг стадионларга келиб ўйин томоша қилишлари учун зарур шароитларни яратиб бериш каби бошқа вазифалар ҳам борки, буларнинг бари Ўзбекистон Футбол Федерациясининг ривожлантириш дастуридан ўрин олган.

Бугун дунё ахборот билан яшаяпти. Замонавий фуқаро бошланаётган кунини ҳам, тугаб бораётган кунни ҳам ахборот олиш билан ўтказади. Ахборот шу даражада муҳим омилки, унинг оқими тугаса ёки тўхтаб қолса, бўшлиқ юзага келади. Шу сабабли ҳам ахборотни ўз вақтида ва тўғри бериш жуда муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон Футбол Федерацияси бундан кейин ҳам ахборот бўшлиғига қарши курашиш сиёсатини қўллаб-қувватлаган ҳолда ишлайди. 

Ўзбекистон Футбол Федерацияси мамлакатимиз футболини янада кўтариш учун ўз олдига устувор вазифаларни белгилаб олди. Федерациянинг янги жамоаси 12 сентябрь куниёқ ана шу вазифалар устида катта кўламли ишларни амалга ошириб келяпти. Мен ҳозир катта ваъдалар беришга шошилмайман, фақатгина режаларимиз узоқ муддатга мўлжалланганини, қолаверса, мақсадларимиз жиддий эканлигини ишонч билан айта оламан. Биз ишқибозлар билан, халқ билан диалогга доим тайёрмиз ва қилинаётган ишларда уларнинг хоҳиш ва иродаларини ҳам инобатга оламиз.

Дунё тажрибасидан маълумки, раҳбариятнинг ишига баҳо бериш учун оммавий ахборот воситалари 100 кун ўтишини кутишади. Умид қиламанки, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ҳам ана шу 100 кунлик ўта мураккаб даврни яхши босиб ўтади. Бу давр оралиғида Федерацияси ичида ва ташқарисида кўп янгиликлар бўлади. Бу янгиликлар эса Сиз Ўзбекистон Футбол Федерациясидан фахрланишингиз учун амалга оширилади», дея гапириб ўтди Аҳмаджонов.