Ўзбекистон Америка Қўшма Штатларига 300 млн доллар қийматига тенг уран концентрати етказиб беради. Бу ҳақда Халқаро Пресс-клубнинг 27 сентябрдаги сессиясида Ўзбекистон Ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, Ўзбекистон АҚШ билан уран савдоси бўйича йирик битим имзолаган. 

“Уран етказиб бериш бўйича шартнома узоқ муддатли бўлиб, 7 йилга мўлжалланган. Унинг қиймати 300 млн долларни ташкил этади. Битим шартларига кўра, уран (концентрати) қиймати биржа савдоларидаги нархларга боғлиқ бўлади, - деди ташқи савдо вазири. – Шунга биноан, айтиш мумкинки, бу битим бошқа айрим уран етказиб берувчи мамлакатларнинг шартномаларига қараганда анча фойдалироқдир”.

Элёр Маджидович Ғаниев – Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазири
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Ўзбекистон уран захираси бўйича дунёда 10-ўринда, қазиб олиш ҳажми бўйича 7-ўринда туради. 

Сўнгги чорак асрда Ўзбекистон уран концентрати Японияга етказиб берилган. Унинг Ҳиндистонга етказиб берилиш масаласи ҳам муҳокама қилинган.