Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков ва Ўзбекистон ташқи савдо вазири Элёр Ғаниев қўшма корхоналарни ташкил этиш масалаларини муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг матбуот хизмати хабар бермоқда.

Матбуот хизмати маълумотларига кўра, томонлар Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишнинг амалий жиҳатларини муҳокама қилиб, Қирғизистон ва Ўзбекистоннинг яқин келажакдаги алоқалари юзасидан фикр алмашдилар.

Вазирлар президент Алмазбек Атамбоевнинг Ўзбекистонга режалаштирилаётган давлат ташрифи доирасида Тошкентда Қирғизистон-Ўзбекистон бизнес-форуми ва Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон товар ишлаб чиқарувчиларининг кўргазмасини ўтказиш масаласини муҳокама қилишди. 

Шунингдек, вазирлар мамлакатлар ўртасидаги савдо айланмаси ҳажмини ошириш бўйича амалий қадамлар бўйича фикр алмашишган.