Қийинчиликлар гирдобида қолган ва банкрот бўлиш арафасида турган Россиянинг «ВИМ-Авиа» авиакомпанияси чипта харид қилган йўловчиларни манзилга ташиб қўйиш учун 840 миллион рубль давлат кафолати сўради. Айни пайтда дунёнинг турли аэропортларида 16 мингдан зиёд сайёҳлар «Вим-Авиа» авиакомпанияси томонидан кўзланган манзилига етказилишини кутишмоқда.

Россия электрон нашрларини кузата туриб, «ВИМ-Авиа» авиакомпанияси атрофидаги машмашалар ҳақидаги қисқача тафсилотларни сизга етказишга қарор қилдик.

25 сентябрь куни авиакомпания молиявий қийинчиликлар туфайли чартер парвозларини бекор қилишини эълон қилган.

Фото: РИА "Новости"

Бири биридан ваҳимали хабарлар тарқала бошлагач, «Росавиация» авиакомпанияда режадан ташқари текширишни бошлаб юборган. Аниқланишича, рейсларнинг ушланиб қолаётганига «ВИМ-Авиа»нинг ёқилғи етказиб берувчилар олдидаги қарздорлиги сабаб бўлаётган экан. РФ транспорт вазирлиги вазиятни ўз назоратига олган, РФ тергов қўмитаси эса «йирик миқдордаги фирибгарлик» моддаси бўйича жиноят иши ҳам очган.

Жорий йилдаги сайёҳлик мавсуми охиригача авиакомпания турли курортларга 50 мингдан 80 минггача йўловчини элтиб қайтариши керак эди. Умумий ҳисобда авиакомпания 190 минг йўловчига чипта сотган.

Бу орада «ВИМ-Авиа» аивакоманиясининг эгаларидан бири Рашид Мурсекаев сешанба куни Россияни тарк этгани айтилмоқда. У «Шереметьево» аэропорти орқали Туркияга қочган.

Вазиятдан хабар топган Россия президенти Владимир Путин транспорт вазири Максим Соколовнинг «пўстагини қоққан». Унга «ВИМ-Авиа» авиакомпанияси атрофидаги машмашалар туфайли хизмат вазифасига нолойиқлиги ҳақида огоҳлантириш берилган. 

Фото: РИА "Новости"

«Агар ушбу вазиятни тезда ва самарали ҳал қила олсангиз, биз Дмитрий Анатольевич (Медведев) билан сизнинг бу хизмат вазифангизга чала лойиқлигингиз учун сизни нима қилиш кераклигини ўйлаб кўрамиз. Агар ҳал қила олмасангиз ҳам барибир ўйлаб кўрамиз», — деган Путин Соколовга вазирлар маҳкамаси аъзолари билан учрашувда.

Айни пайтда чартер парвозларини якунлаган «ВИМ-Авиа» авиакомпанияси самолётларидан айримлар Туркия ва Бельгия аэропортларида ушланиб турилибди, деган «Росавиация» раҳбари Александр Нерадько Давлат Думасида чиқиш қила туриб.

«Ҳозирча чартер рейслар билан хорижга учган йўловчиларни авиакомпания ўз кучи билан қайтариб олиб келиш-кела олмаслиги тушунарсиз бўлиб турибди. Қарзлари учун авиакомпаниянинг самолётлари Туркиянинг Анталия ва Даламан аэропортларида, шунингдек, Бельгиянинг Льеж аэропортида ушланиб турибди», — деган Нерадько.