Шу йилнинг октябрь ойида Visa Card компанияси делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюради ва ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилади. ХПК сессияда иштирок этган Ўзбекистон Миллий банки бошқаруви раиси Суҳроб Холмуродов шу ҳақда маълум қилди. 

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда валюта алмашув курсларининг бир хиллаштирилиши ва валюта бозорининг либераллаштирилиши Visa Card учун йирик бозор эшикларини очмоқда. Шу боис компания Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтиришга қизиқиш билдирмоқда.
 
Холмуродовнинг сўзларига кўра, Visa Card делегацияси 9 октябрь куни амалий ташриф билан келади. Улар билан музокараларда Миллий банк ва Visa Card ўртасида муносабатларни кенгайтириш бўйича фикр алмашилади ва “йўл харитаси” ишлаб чиқилади ҳамда компаниянинг Ўзбекистон бозоридаги иштироки муҳокама этилади.