Ўзбекистон халқаро суверен рейтинги олиш борасида фаол иш олиб бормоқда. Бунда Citibank (City Group) маслаҳатчи вазифасини бажариши мумкин. Халқаро Пресс-клубнинг 27 сентябрдаги мажлисида иштирок этган Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровнинг фикрича, бу масалани банклар консорциуми ёрдамида ҳал этиш мумкин бўлади. 

“Биз суверен рейтинг олишнинг илк босқичида турибмиз. Citibank маслаҳатчимиз бўлади. Бу банклар консорциуми бўлади. Суверен мустақил кредит рейтингини олиш учун аризани расмийлаштириш дастури Президент томонидан яқин орада тасдиқланади”, — деди Қўчқоров. 

Унинг айтишича, мамлакат ҳукумати суверен рейтингни хориждан сармоя жалб қилиш воситаларидан бири сифатида баҳоламоқда. 

Ўзбекистоннинг йирик банклари ва компаниялари ушбу рейтинг олинганидан сўнг, шу каби рейтингни олишлари ва бозорда маблағларни жалб қилишлари мумкин бўлади. Республиканинг суверен кредит рейтингини олиши тўғридан-тўғри хорижий сармоялар кенгайишига, хорижий ҳамкорлар билан ҳамкорликни кучайтириш ҳамда банклар ва корхоналарга жаҳон молия бозорларида паст фоиз ставкаларида кредитлар жалб қилишига ёрдам беради. 

Халқаро Пресс-клубда маълум қилинишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга сафари ва Жаҳон банки раҳбарияти билан учрашувидан кейин Жаҳон банки Ўзбекистонга ажратадиган кредитлар папкасини 2 баробарга ошириб, 2 млрд доллардан 4 млрд долларга етказиш масаласини муҳокама этмоқда.