«Бавария» сўнгги 6 йиллик тарихида илк марта мураббийни ўзи истеъфога чиқарди. Жамоа сўнгги марта 2011 йилнинг апрелида Луи ван Гаални қониқарсиз натижалар туфайли ишдан олганди. Бу сафар бу иш жуда эрта амалга оширилди. Мавсум стартига энди бир ой бўлганида ўтган мавсум аввалида катта умидлар билан олиб келинган Карло Анчелотти ишончни оқлай олмагани учун ишдан кетди.

Ван Гаал ва Карло Анчелотти оралиғида жамоада Юпп Ҳайнкесс ва Хосеп Гвардиола ишлади. Икки мураббий ҳам шартномаси тугагунига қадар жамоада ишлади. Қайсидир маънода натижаларга эришди. Ҳайнкесс жамоага ЕЧЛ бош совринини ҳам олиб беришга муваффақ бўлди. Гвардиола даврини кўпчилик икки хил талқин қилади. У жамоадаги бор кучни ҳам сақлаб қола олмади, немисча характердаги жамоани ноодатий характери йўқ жамоага айлантириб қўйди, деганлар ҳам топилди. Бошқа томондан эса унинг жамоа ўйинини ўстира олгани, айниқса алоҳида футболчиларнинг ўйинидаги кескин ўсиш (Мюллер, Боатенг, ёки Киммихнинг кашф қилиниши) бунга мисол қилиб келтирилди. Нима бўлган тақдирда ҳам Пеп жамоада шартномасининг охирги кунларига қадар қолди. Карло билан эса барчаси жуда ачинарли тугади.

Албатта Анчелоттининг истеъфосига биргина «ПСЖ»дан учралган мағлубиятни асос қилиб бўлмайди. Шунчаки, жамоада «ПСЖ»га қарши учрашувга қадар ҳам муҳит бузилганди. Левандовски ва Франк Риберининг матбуотдаги исёнкорона чиқишлари ҳам бундан далолат бериб турарди. «ПСЖ»га қарши ўйин эса барчасини юзага чиқарди.

Анчелотти даври кутилганидан анча қисқа вақтда тугади. У ўзи билан бирга бир карра бундеслига чемпиони деган номни олиб кета олди, холос. Табиийки савол туғилади. Энди ким келади? «Бавария»даги бугунги ҳолатни тўғрилай олиши мумкин бўлган мураббий ким?

Вилли Саньол

Фото: «Бавария»

Барчаси оддий, Анчелотти жамоадан кетгач, клубнинг собиқ футболчиси, кейинги вақтларда Анчелотининг ёрдамчиси бўлиб ишлаб келган Вилли Саньол вақтинчалик мураббий этиб тайинланди. Ортиқча бош қотиришга ҳожат йўқ. Жамоадаги футболчилар кўпроқ Анчелоттига норозилик сабаб ўйнашни истамай қўйишганди. Энди жамоа ичида 10 йилдан ортиқ вақт давомида юрган шахс билан келишиб ишлашади ва энг камида мавсумни якунлаб қўйишади. Ким билади дейсиз, «Лестер»даги Шекспир воқеаси такрорланиб, балки Саньол ҳам муваффақият қозониб кетар?

Юпп Ҳайнкес — ўт учирувчи ролида

Фото: «Бавария»

Яна бир идеал вариант - Юпп Ҳайнкесни маълум муддатга ортга қайтариб туриш. Ҳозирга қадар кўпчилик айнан Ҳайнкес «Бавария»га ҳақиқий немисча футболни қайтарган деб ҳисоблайди ва у ҳозир қайтиб ҳам бу ишни уддалай олишига ишонишади.

Бундан ташқари, Ҳайнкесс жамоага айнан мана шундай «ёнғин» пайтларида келишга одатланган. 2008 йилда Юрген Клинсманни бош мураббийликка тайинлаб адашганини билган жамоа, уни тезда истеъфога чиқариб, Ҳайнкесни ёрдамга чақирганди. Ван Гаал кетганидан кейин 3 ой янги мавсумни айнан Ҳайнкесс бошлаб берганди. Умуман сўнгги икки марта мураббий муддатидан олдин бўшатилган ҳолатларда жамоа раҳбарлари «ўт ўчирувчи» сифатида айнан Ҳайнкесни қайтарганди. Лекин бу ерда бошқа масала ҳам бор. 4 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида ҳеч қаерда ишламаётган, айни вақтда дам олаётган ва яна 4 ёшга қариган Ҳайнкес ҳозирги ҳолатдаги «Бавария» билан натижага эриша оладими, ёки йўқ — бу катта сўроқ.

Томас Тухель

«Бавария» қачонгача «Боруссия»дан фақат футболчиларни сотиб олади? Мураббий ҳам олсин, ахир, тўғрими? Айтишингиз мумкин, ҳозир Тухель «Боруссия»дан кетган-ку деб. Бу айни муддао. Биринчидан, у Дортмунддан кетганидан буён бошқа жойда ишлагани йўқ ва ҳозир таклифлар учун очиқ турибди. Шу маънода у билан келишиш анча осон.

Иккинчидан, «Бавария» иккинчи марта хато йўл қўйишни истамай, «Боруссия» мураббийида тўхталиши мумкин. Ёдингизда бўлса, 2008 йилда жамоада иккита вариант бўлганди. Биринчиси, икки йил олдинги мундиал бронза медали соҳиби Юрген Клинсманн ва иккинчи вариант «Майнц» билан натижалар кўрсата олган Юрген Клопп. Мюнхенликлар ўшанда фамилияси узунроқ Юргенни танлаган ва Клинсманн ҳаттоки мавсум охирига қадар етиб бормаганди. «Боруссия»га йўл олган Клопп эса икки марта чемпион бўлди. Бу сафар «Майнц» ва «Боруссия»да ишлаган, Клоппнинг том маънодаги издоши орқали янги даврни қуриш мумкин.

Юлиан Нагельсманн

Фото: Reuters

«Мен «Ҳоффенҳайм»да бахтиёрман, аммо, агар «Бавария»да ишлаш насиб қилганида янада бахтиёр бўлган бўлардим». Бундан бир ойча олдин айтилган бу сўзлар жуда қисқа вақт ичида амалга ошади, дейишса, Нагельсманн тугул «Бавария»дагилар ҳам ишонишмаган бўлиши мумкин. Лекин бугунги кунга келиб, бу амалга ошиши ҳақиқатга яқин бўлиб турибди.

Албатта, мутахассисларнинг фикрича, Нагельсманнинг «Бавария» бош мураббийи бўлиши фақатгина вақт талаб қиладиган нарса. Чунки айнан у Мюнхенга ҳақиқий немис футболини қайтаради деган фикр анчадан бери юрибди. 30 ёшга эндигина тўлган мутахассис камтар «Ҳоффенҳайм» билан қайд этаётган натижалари таҳсинга сазовор бўлмоқда. «Бавария»даги имкониятлар билан унинг катта натижаларга эришишига ишонишмоқда.

Фақат битта муаммо Нагельсманн эндигина бошланган мавсумда «Ҳоффенҳайм»ни бирданига ташлаб кетиб, «Бавария» чақирса, югуриб бориб оладими, йўқми буниси катта сўроқ остида турибди.

Азамат Муродов