"Радикаллашув энг аввало элита ва ҳукумат алмашинувининг шаффоф механизми мавжуд бўлмаган, кўп йиллар коррупцион ва авторитар режимлар ҳукмронлик қилган жойларда илдиз отади", - деди Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбоев Бишкекда бўлиб ўтаётган "Ислом замонавий дунёвий давлатда" номли халқаро конференцияда. 

Унинг сўзларига кўра, ҳақиқий ислом жамиятда тинчлик ва осойишталик ҳукм суриши тарафдори, у умуминсоний қадриятлар ва бағрикенглик асосида кишиларни бирлаштиради. Оммавий ахборот воситалари исломнинг асл моҳиятини бузиб, уни таҳдид сифатида кўрсатмоқда. 

"Бугунги муаммолар ва шафқатсиз низоларнинг сабаби ислом эмас, геосиёсий ўйинлар, ижтимоий адолатсизлик ва кўп ҳолатларда ислом билан ниқобланган экстремистлардир", - деди Алмазбек Атамбоев.

Қирғизистон президентининг таъкидлашича, "бизнинг вазифамиз — ҳаддан ошишдан сақланиш". 

"Ислом билан спекуляция қилувчи провакаторларга қарши туришга тайёр туриш керак. Бироқ бунда "ақлли" ва самарали услубларни излаш зарур", - деди Атамбоев. 

"Тўсиқлар ва зиддиятларни бартараф қилиш йўли билан васвасадан қочиш керак. Бу васваса кўпинча давлат хизматчиларида ҳам, диний арбобларда ҳам кузатилади", - деди у. 

Қирғизистон президентининг сўзларига кўра, мамлакат аҳолисининг 90 фоизи ўзини мусулмон деб ҳисоблайди, мамлакат учун давлат ва диний жамиятлар вакиллари ўртасидаги муносабатларни ҳал қилиш жуда муҳим.

"Биз мулоқотни давом этириш учун Бишкекда доимий халқаро майдонни яратиш, бу ерда тажриба алмашиш ва давлат ва дин, радикализм ва экстремизм масалаларини муҳокама қилишни таклиф қиламиз", - деди Алмазбек Атамбоев.