«Бавария» бош мураббий Карло Анчелоттини ўз лавозимидан озод қилиши мумкин. Бу ҳақда немис таблоиди Bild хабар тарқатди.

Манба берган хабарга кўра, мюнхенликлар клуби раҳбарияти Париждан қайтиб келганидан сўнг бугун кечки вақт шошилинч мажлис чақирган. «Бавария»нинг Франциядаги «ПСЖ»га йирик ҳисобдаги мағлубияти (0:3) бунга сабаб сифатида кўрсатилмоқда.

Йиғилишда клуб раҳбарияти Анчелоттининг келажагини муҳокама қилади. Қайд қилинишича, мураббийни истеъфога чиқариш масаласи ҳам кун тартибига қўйилади.

«Бавария» директорлар кенгаши раиси Карл-Ҳайнц Румменигге ва спорт директор Ҳасан Салиҳамиджич Анчелотти билан боғлиқ вазиятга изоҳ беришни истамаган. Агар италиялик мутахассис истеъфога чиқариладиган тақдирда унинг ўрнига Вилли Саньоль вақтинчалик бош мураббий этиб тайинланиши мумкин.