Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сурияда, жумладан тинч аҳоли вакилларидан кўплаб инсонлар ҳалок бўлаётган мамлакат шимоли-ғарбдаги Идлибда кескинлик тобора кучайиб бораётганидан хавотирда. Бу ҳақда БМТ матбуот котиби Стефан Дюжаррик «Анадолу» агентлиги билан суҳбатда маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўнгги кунларда Идлибнинг аҳоли пунктларига ҳаво ҳужумлари мунтазам кўриниш олган, мактаб йўқ қилинган, турар жой инфратузилмаси эса зарар кўрган.

БМТ вакили Суриянинг Фуа ва Кефрои ҳудудларида жанглар содир бўлаётгани ҳақидаги хабарларга эътибор қаратди.

«26 сентябрь куни Хама вилоятида қочқинларни ўққа тутиш натижасида 80 га яқин одам ҳалок бўлди, кўплари жароҳатланди. 25 сентябрь куни ҳаво ҳужумлари натижасида 27 киши ҳалок бўлди, яна 58 нафари жабрланди», - деди Дюжаррик. 

Унинг қўшимча қилишича, фақатгина ўтган ойда 100 мингга яқин сурияликлар ўз уйларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлишди, Дайр-аз-Зорни эса сўнгги ҳафтада 50 мингдан зиёд одам тарк этди.

Суриядаги уруш 2011 йилнинг март ойида бошланган эди. Ўшанда тинч намойишлар ҳарбийлар ўт очганидан сўнг қуролли тўқнашувларга айланиб кетганди. БМТ маълумотларига кўра, можарода 400 мингдан зиёд киши ҳалок бўлди, 10 миллиондан зиёд одам ўз уйини тарк этди. 4.8 миллион киши мамлакат ташқарисидан бошпана топди.