Бутунжаҳон иқтисодий форуми 2017-2018 йил учун жаҳоннинг энг рақобатбардош давлатлар рейтингини (Global Competitiveness Index, GCI) эълон қилди. Швейцария, АҚШ ва Сингапур рейтингнинг кучли учлигидан ўрин олган.

Рейтингда биринчи ўринни Швейцария эгаллаган. Бу давлат сўнгги йилларда бу борадаги барқарор етакчилик позициясини бой бермаяпти. Иккинчи ўринда АҚШ бормоқда, улар бу йилги рейтингда Сингапурни учинчи ўринга тушириб юборган. Давлатлар бешлигидан Нидерландия (4-ўрин) ва Германия (5-ўрин) ўрин олган. ГФРнинг эгаллаган ўрни ўтган йилга нисбатан ўзгармаган.

Рейтинг ўнлигида шунингдек, Ҳонгконг, Швеция, Буюк Британия, Япония ва Финляндия номлари бор.

Мутахассислар ГФР иқтисодиётидаги инновациялар роли ва юқори даражада илғор технологик ва инфратузилмавий ривожланиш билан қўллаб-қувватланаётган тараққий этган «бизнес-эктизими»ни алоҳида қайд этишмоқда.

Жаҳон трендлари ҳақида умуман гапириладиган бўлса, Бутунжаҳон иқтисодий форуми (БИФ) экспертлари глобал молиявий инқироздан сўнг ўтган 10 йил ичида барқарор тикланиш истиқболлари ҳамон жаҳон етакчилари томонидан иқтисодётнинг рақобатбардошлиги ва самардорлигини ошириш учун зарур ислоҳотлар самарали ўтказилмаётгани сабабли таҳдид остида эканини қайд этишди.

«Глобал рақобатбардошлик борган сари мамлакатнинг инновацион салоҳияти билан аниқланиб борилаверади. Иқтидорлар капиталдан муҳимроқ бўлади, шунинг учун дунё капитализм давридан «талантизм» даврига ҳаракат қилади. Тўртинчи саноат инқилобига тайёр ва ўзининг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий тизимларини мустаҳкамлаётган давлатлар келажакнинг рақобат пойгасида ғолиб чиқишади», — деган БИФ асосчиси Клаус Шваб.

Қўшнимиз Қозоғистон рейтинг ҳисобланган 137 давлат ичидан 57-ўринга лойиқ кўрилган ва элликталикни тарк этган. 2015 йилда Қозоғистон 42-поғонани эгаллаб турган эди. Россия эса ўтган йили 43-ўриндан 38-ўринга кўтарилган, Қирғизистон 102-ўринда.

Ўзбекистон ҳозирча БИФ томонидан тузилувчи ушбу рейтингга киритилмаган.

GCI рейтингини тузишда 113 кўрсаткич асосида шакллантирилган 12та «таянч» тоифадан фойдаланилади. Унга кўра иқтисодиётнинг самарали фаолият кўрсатиши учун зарур бўлган институтлар, инфратузилмалар, макроиқтисодий муҳит, соғлиқни сақлаш, бошланғич ва олий таълим, шунингдек, касб-ҳунар таълими тайёргарлигининг роли эътиборга олинади.