Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида қарийб 3,5 килограмм гиёҳвандлик моддалари ноқонуний айланишига чек қўйилган. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Ачинарлиси, бу борада мунтазам равишда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, қонунбузарларга нисбатан кескин чоралар кўрилаётганига қарамасдан, айрим кишилар била туриб "оғу" гирдобидан қутулишни исташмаяпти.

Мисол учун, Чироқчи туманининг Қўшариқ маҳалласида истиқомат қилувчи Муҳсин Эсонов ҳамда Дўстқобил Мардонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) мамлакатда гиёҳвандлик воситалари етиштириш, тайёрлаш билан ғайриқонуний шуғулланиш қатъиян тақиқланганини билишса-да, яшаш хонадонлари ҳовлисида гиёҳвандлик ўсимликларини парваришлаб, етилган "оғу"ни келгусида сотиб, мўмай даромадга эга бўлиш мақсадида хуфиёна тарзда сақлаб келишган.

Вилоят божхона бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида аввалига Дўстқобил Мардонов Қарши шаҳридаги "Билайн" уяли алоқа компанияси биноси орқасида "Нексия" русумли автомашина олд ўнг ўриндиғи остига яширин тарзда жойлаштирган оғирлиги 12,6 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддасини сотиш мақсадида тургани аниқланди. Унинг яшаш хонадони ўрганилганда эса, ошхонадан оғирлиги 807,9 грамм бўлган марихуана гиёҳвандлик моддаси топилди. Суриштирув давомида Дўстқобил Мардонов муқаддам гиёҳвандлик моддаларининг бир қисмини қишлоқдоши Муҳсин Эсоновдан олганлиги маълум бўлди.

Тадбир давомида Муҳсин Эсоновнинг ҳам жиноий қилмишига чек қўйилди. Унинг ҳам яшаш хонадони кўздан кечирилганда, молхонанинг орқа томонидаги экин майдонида бир неча туп гиёҳвандлик ўсимлигини парваришлаб келаётганлиги ҳамда ҳовлисидаги тандирхона ва ошхонанинг турли жойларида хуфиёна тарзда оғирлиги 357,6 грамм бўлган гиёҳвандлик моддаларини ноқонуний сақлаб келгани аниқланди.

Фото: Давлат божхона қўмитаси

Бундан ташқари, Муҳсин Эсонов жиноий шериги Дўстқобил Мардоновга муқаддам ўзи етиштирган оғунинг 15 граммини 80 минг сўмга, сўнгра 20 граммини 100 минг сўмга сотгани ҳам божхона суриштируви жараёнида маълум бўлди.

Якунда мазкур қонунбузарлик ҳолатилари бўйича жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳар судининг ҳукми билан фуқаролар Д.Мардонов ҳамда М.Эсоновлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбли деб топилди ва озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди.

Қизиғи шундаки, қонунбузарлик аниқланишига қадар Муҳсин Эсонов тумандаги фермер хўжаликларидан бирининг раҳбари лавозимида ишлаб келган.