Siri овозли ёрдамчисининг яратувчиларидан бири Адам Чайер яқин ўн йилда компьютер технологияларининг ривожи борасидаги тахминлари билан бўлишди, деб ёзади Venturebeat. Унинг фикрича, келгуси ўн йилликнинг асосий тренди - овозли интерфейслар ва ассистентлар бўлади. 

Девайсларни овозли бошқариш соҳасидаги муҳим лойиҳалар Чайер ва унинг шерикларига тегишли. 2010 йилда улар томонидан ишлаб чиқилган Siri ассистенти Apple компанияси томонидан харид қилинди. Шундан кейин улар бошқа бир ассистентни ишлаб чиқиш учун яна бирлашишди - бу Viv Labs компаниясининг пайдо бўлишига сабаб бўлди. 2012 йилда эса, Samsung компанияси уни 215 миллион долларга харид қилди, чунки у ҳам худди Apple каби овозли ёрдамчини ўз қурилмаларига интеграциялашга қарор қилган.

Чайер фалсафасига кўра, ҳар 10 йилда компьютер ва гаджетлар оламида янги энг асосий ва келажакни белгилаб берувчи трендлар пайдо бўлади. 1980-йилларда бу персонал компьютерлар бўлган, 1990-йилларда интернет пайдо бўла бошлаган, 2007 йилда смартфон қиёфасини белгилаб берган iPhone намоён бўлди. Компьютер техникасининг келгуси 10 йилини белгилаб берувчи асосий тренд - табиий овозли мулоқот бўлади, деб ҳисоблайди Чайер. Унинг фикрича, инсоният бунга тайёр, бунинг учун барча зарур технологиялар эса ишлаб чиқилган ва тадбиқ этилишини кутмоқда. 

Чайернинг сўзларига кўра, бугунги кунда қайсидир жиҳатдан технология билан боғлиқ ҳар қандай ривожланган бизнес бу технологиянинг ривожи учун миллионлаб доллар сарфламоқда. Буларнинг бари яқин ўн йилда инсоннинг машиналар билан мулоқот қилишини енгиллаштирувчи шарт-шароитларни шакллантиради, яъни энди машина инсонга тўлиқ мослашади, инсон машинага эмас. У вазиятни интернет билан боғлиқ шарт-шароитларга таққослайди: бир пайтлар сайтлар кўримсиз бўлган, бироқ улар жуда тез ривожланиб, ҳаётнинг бир қисмига айланишга улгурди. Овозли ёрдамчилар билан ҳам худди шундай.