Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни давлат раҳбари сайтида келтирилган.

Ўзбекистон Республикаси расмий делегациясининг Америка Қўшма Штатларига 2017 йил 18-20 сентябрь кунлари амалга оширилган ташрифи нафақат мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди, балки Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган муассасалари, халқаро молия институтлари ҳамда қатор хорижий давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратди.

БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида қатнашиш, шунингдек, БМТ Бош котиби ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан ўтказилган учрашувлар халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистоннинг янги ривожланиш стратегияси ва жамият, иқтисодиёт ҳамда ташқи сиёсат бўйича яқинда эришилган кенг кўламли ислоҳотлари, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланишнинг долзарб муаммоларини ҳал қилиш учун аниқ таклифлари ҳамда ташаббуслари ҳақида хабардор этиш имконини берди.

АҚШ ҳукумати ва ишбилармон доиралари вакиллари билан ўтказилган муваффақиятли музокаралар ва учрашувлар ўзбек-америка муносабатларини стратегик шериклик руҳида янада мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтириш учун янги истиқболларни белгилашга имкон берди.

Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки раҳбарияти билан музокараларда ушбу халқаро молия институтлари билан Ўзбекистон ҳамкорлигининг истиқболли йўналишлари, иқтисодиётни модернизация қилиш ва эркинлаштиришни, бизнес ҳамда инвестиция муҳитини яхшилашни таъминлашга қаратилган устувор қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича атрофлича фикр алмашилди. Болгария президенти Р.Радев ва Грузия бош вазири Б.Квирикашвили билан БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессияси майдонларида ўтказилган икки томонлама учрашувлар бу мамлакатлар билан сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий алоқаларни ривожлантириш учун янги имконият ҳамда истиқболлари белгилаб берди. 

Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг тузилмалари билан муносабатларини янада мустаҳкамлаш, халқаро молия институтлари билан алоқаларни кенгайтириш, Америка Қўшма Штатлари ва бошқа мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, қабул қилинган халқаро мажбуриятларни қатъий бажариш, Нью-Йоркка ташриф давомида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида: БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида билдирилган Ўзбекистон Республикаси ташаббусларини илгари суриш ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан музокаралар якуни бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»), ва уни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштирувчи гуруҳ таркиби №1, 1а  иловаларга мувофиқ;

Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси раҳбарлари билан музокаралар якуни бўйича эришилган келишувларни ўз вақтида ва тўлиқ амалга оширишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»), ва уни амалга ошириш бўйича Мувофиқлаштириш гуруҳининг таркиби №2, 2а иловаларига мувофиқ;

Ўзбекистон Республикасининг Америка Қўшма Штатлари билан давлатлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш ва Нью-Йоркдаги Ўзбекистон-Америка бизнес форуми натижалари бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси («Йўл харитаси»), ва уни амалга ошириш учун Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг таркиби №3, 3а иловаларига мувофиқ тасдиқланди.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси расмий делегациясининг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги иштироки доирасида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сўзсиз бажарилишини назорат қилиш, ҳамда амалий тадбирларнинг («Йўл хариталари») тасдиқланган режалари бўйича Махсус комиссия №4 иловага мувофиқ ташкил этилади.

Ўзбекистон бош вазири А.Арипов бошчилигидаги Махсус комиссияга:

БМТ ва унинг тузилмалари, халқаро молия институтлари ҳамда бошқа хорижий шериклар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш бўйича эришилган келишувларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни самарали мувофиқлаштириш, шунингдек, улар билан мунтазам ҳамда самарали ҳамкорликни, жумладан ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар ва бошқа икки томонлама маслаҳат механизмлари доирасида ташкил этиш;

ушбу қарорнинг 5-иловасига мувофиқ, № 1-3-иловаларда кўрсатилган тадбирлар ва лойиҳаларни ўз вақтида ҳамда сифатли бажариш устидан доимий назорат ҳамда тизимли мониторингни ташкил этиш;

вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари, бош вазир ўринбосарлари - масъул ижрочиларнинг, шунингдек, ушбу қарор билан тасдиқланган «Йўл хариталари»ни сўзсиз бажариш бўйича қабул қилинган амалий чоралар бўйича мувофиқлаштирувчи гуруҳлар ҳисоботларини мунтазам тинглаш;

масъул вазирликлар, идоралар ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, бош вазир ўринбосарлари, мувофиқлаштирувчи гуруҳлар раҳбарлари, Махсус комиссия томонидан тасдиқланган амалий тадбирлар («Йўл хариталари»)нинг бажарилишини батафсил кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ҳар ойнинг 5-дан 10-кунигача бўлган давр мобайнида шахсий ҳисоботлари тингланишини ташкил этиш вазифалари топширилди.

Шунингдек, Мувофиқлаштирувчи гуруҳлар раҳбарлари (А.Комилов, А.Саидов; Г.Саидова, Б.Ходжаев, Т.Ишметов; Э.Ғаниев, А.Ахмедхаджаев) вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

ўн кун ичида - ушбу Фармоннинг № 1-3-иловаларига киритилган лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш учун тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни Махсус комиссияга тасдиқлаш учун киритадилар;

ҳар ойда, 3-санагача - тасдиқланган амалдаги тадбирлар режаларини («Йўл хариталари») амалга оширишнинг самарадорлиги тўғрисида умумий маълумотни Махсус комиссияга тақдим этадилар.

Шунингдек, қарор билан Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султоновга Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (И.Мажидов), Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш бўйича вазирлик (Ш.Шерматов), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов ), Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи (К.Қуронбоев) ва бошқа манфаатдор вазирлик ҳамда идоралар билан бир ойлик муддатда АҚШда яшаётган ватандошларнинг салоҳияти, тажрибаси ҳамда билимларини қўшма истиқболли лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиш бўйича Ҳаракатлар режаси («Йўл харитаси»)ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлатиш учун киритиш вазифаси топширилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига (А.Арипов) бир ҳафта муддатда Болгария Республикаси президенти Р.Радев ва Грузия бош вазири Б.Квирикашвили билан учрашувда эришилган келишувларни амалга оширишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлар бўйича режаларни ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамаси Президиуми баённома қарори билан тасдиқлаш вазифаси юклатилди.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик Кенгашининг котиби В.Маҳмудов ва маслаҳатчи - Ўзбекистон Республикаси Президенти Ижро аппарати раҳбари З.Низомиддинов зиммасига юкланди.