Россия президенти Владимир Путин пайшанба куни Туркия пойтахти Анқарага ташриф буюради, у ерда республика раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўған билан амалий учрашув бўлиб ўтади. Икки давлат раҳбарлари кун тартибидаги масалалар бўйича фикр алмашадилар.

Бу 2015 йилнинг 24 ноябрь куни Сурия-Туркия чегараси яқинида Россиянинг Су-24’и йўқ қилингани билан боғлиқ ҳодисадан сўнг Россия президентининг Туркияга иккинчи ташрифидир. Кремль матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда давлат раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларига тўхталиб, минтақавий ва икки томонлама кун тартиби юзасидан атрофлича фикр алмашишни давом эттиришларига келишиб олинган.

Душанба куни Путин ва Эрдўған ўртасида телефон мулоқоти бўлиб ўтди. Кремль матбуот хизмати хабар беришича, Россия ва Туркия президентлари Сурия масаласини, жумладан, 14-15 сентябрь кунлари Сурия бўйича Остонадаги олтинчи халқаро учрашувда эришилган ижобий натижалар асосида батафсил муҳокама қилишди.

Икки раҳбарнинг фикрига кўра, Сурияда кескинликдан холи тўртта зонани яратиш, фуқаролик урушини тўхтатиш ва инқирозни мамлакат суверенитети ҳамда ҳудудий яхлитлиги тамойилларига асосланган сиёсий йўл билан ҳал этишга йўл очади.

Бундан ташқари, Путин ва Эрдўған телефон мулоқоти чоғида Ироқ Курдистонининг мустақиллик бўйича референдуми атрофидаги вазиятни ҳам муҳокама қилишди, деди Россия раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков. Унинг сўзларига кўра, Россия позицияси ўзгармаган: Москва ҳали ҳам минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун давлатларнинг ҳудудий ҳамда сиёсий яхлитлигини сақлаш жуда муҳим, деб ҳисоблайди.

Песков мўлжалланаётган ташрифга изоҳ бераркан, у «мутлақо прагматик мақсадларга» эга эканини айтди.

«Ташрифга келсак (Россия президентининг Туркияга - таҳ.), у мутлақо прагматик мақсадларга эга. Россия ва Туркия жуда яқин алоқаларда бўлган давлатлардир. Бу савдо-иқтисодий, сармоявий, ҳарбий-техник, маданият соҳасидаги ҳамкорликда ўзини намоён этади», - деди Песков.

Унинг таъкидлашича, Россия ва Туркия минтақавий, шу жумладан Сурияда хавфсизликни таъминлашда фаол ҳамкорлик қилмоқда. «Бу масалалар бўйича соатлар ўзаро текширилади», - дея қўшимча қилган Россия раҳбари матбуот котиби.