RM Sotheby’s аукцион уйи Ferrari F2001 - Михаэль Шумахер 2001 йилда Монако ва Венгрия  Гранд Присида ғалаба қозонган Формула-1 болидини савдога қўяди. Ушбу ғалаба «Феррари»га «Конструкторлар кубоги»да биринчи ўринни, Шумахерга эса -  Формула-1’даги тўртинчи жаҳон чемпионлигини келтирганди. 

Ferrari F2001 900 от кучига эга 3,0 литрли V10 атмосфера мотори ва етти поғонали ярим автоматик трансмиссия билан жиҳозланган. Машинанинг оғирлиги 600 килограмм. Болидни камида тўрт миллион долларга сотиш режалаштирилмоқда.

Лотга берилган маълумотда айтилишича, 211 шасси рақамига эга машина тўлиқ соз ҳолда ва пойгаларда иштирок этишга тайёр. Бўлажак харидорга Ferrari компанияси Маранеллодаги техник марказда автомобилни сақлаш ва унга техник хизмат кўрсатиш, дунёнинг исталган нуқтасига етказиш ва ўз техник мутахассислари ҳамда тест-пилотлари жамоасини таклиф этади.

Фото: Motor.ru
Фото: Motor.ru
Фото: Motor.ru

Ferrari F2001 савдоларга қўйиладиган Нью-Йоркдаги аукцион италиялик суперкарлар ишлаб чиқарувчисининг 70 йиллик юбилейига бағишланган. Сентябрь ойининг бошида бўлиб ўтган ким ошди савдосида компания LaFerrari Aperta, Ferrari 250 GT LWB California Spider by Scaglietti’нинг сўнгги нусхаси ва 40 йил гаражда сақланган дунёдаги ягона Ferrari 365 GTB/4 Daytona Berlinetta Alloy’ни сотиб юборди.