Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси 27 сентябрь куни Ислом Каримов номидаги халқаро аэропортда ёзувчи Нурулло Отахонов қўлга олинишига изоҳ берди.

Тошкент ШИИББ бошлиғи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев Отахоновнинг ушланишига нима сабаб бўлгани ҳақида савол берган Kun.uz мухбирига қуйидагича жавоб қайтарди:

“Нурулло Отаханов хусусида шуни айтишим мумкинки, у ёзган китоблар ва чиқишлари ўрганилиб, экспертиза хулосалари олинганидан сўнг, унга нисбатан 2017 йил 11 май куни Яшнобод тумани ИИБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖК 159-моддаси 1-қисми, яъни Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш аломатлари билан жиноий иш қўзғатилган. Дастлабки суриштирув ишлари натижасида 244-1 моддаси, 3-қисми “г” банди, яъни жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид солувчи материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш, оммавий ахборот воситалари ёки телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек, интернет-жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилиши аломатлари билан сиртдан айб эълон қилиб, қидирувга берилган эди. Шу муносабат билан, у Тошкент халқаро аэропортига кириб келганида ушланиб, унга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган”.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Тошхўжаевнинг айтишича, ижтимоий тармоқларда Отахонов кечирим сўрагани, мурожаат қилгани ва ушбу воқеа билан боғлиқ бошқа жиҳатлари муҳокама бўлмоқда. Унинг қайд этишича, бошқа ташкилотлар ёки ваколатли давлат органларидан унинг афв этилгани ҳақида маълумотнома келиб тушмагани боис, ички ишлар идоралари жиноят-процессуал кодекс талабларидан келиб чиққан ҳолда ўз ваколатлари доирасида тергов ишларини олиб бормоқда. 

Эслатиб ўтамиз, куни кеча 27 сентябрь тонгида Истанбулдан Тошкентга қўнган таниқли адиб Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон – Нуролло Отахонов Ислом Каримов халқаро аэропортида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ҳибсга олингани ижтимоий тармоқларни ларзага келтирди.

Ундан аввалроқ у ўз шахсий саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаатини эълон қилган эди. 

Нурулло Отахонов Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги Ойимча Қақир қишлоғида туғилган. Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси бўлимини тамомлаган. «Йўл бошида» «Дунё кенг», «Шу ерлик киши» каби қисса ва ҳикоялар тўпламлари орқали элга танилган.

Ëзувчининг севги мавзусидаги «Оқ бино оқшомлари» ҳикояси «Шарқ юлдузи» журналида чоп этилгач, «Йилнинг энг яхши ҳикояси» деб топилган эди.

Ушбу ҳикоя асосида «Оқ бино оқшомлари» бадиий филми суратга олинган. Ёзувчи турк, гуржи, хитой ва рус адабиётидан бир қатор асарлар таржима қилган. Ëзувчи кейинги 25 йил мобайнида «Ёшлик» (Бўлим мудири), «Муштум» (Масъул котиб), «Шарқ юлдузи» (Бўлим мудири), «Ҳидоят» (Бош муҳаррир) каби турли журналларда ҳамда «Мовароуннаҳр» нашриётида (Бош директор) ишлаб келган.

2013 йил охирида очиқ айтилмаган сабабларга кўра, «Мовароуннаҳр» нашриёти Бош директорлиги ҳамда «Ҳидоят» журнали Бош муҳаррирлигидан бўшатилган.