АҚШ Федерал алоқа комиссияси одамлар фавқулодда вазиятлардан огоҳ бўлиши учун Apple компаниясидан iPhone'да FM-модулни фаоллаштиришни талаб қилди.

Хизмат раҳбари Аджит Пайнинг изоҳ беришича, айфон эгалари Флорида, Пуэрто-Рико ва Техасидаги Харви, Ирма ёки Мария довулларидан хабар топмай қолиши ҳам мумкин эди. Bloomberg'да таъкидланишича, Apple қурилмалари АҚШ смартфонлар бозорининг 40 фоизини эгаллайди.

"Мен Apple'дан iPhone'даги FM-модулларни фаоллаштиришни сўрайман. Компаниянинг масъулиятни ўз зиммасига оладиган ва Америка халқи хавфсизлигини биринчи ўринга қўядиган вақти келди".

Аджит Пай, АҚШ Федерал алоқа комиссияси раҳбари

Бир неча йилдан бери смартфонлар ишлаб чиқарувчиларидан модулни фаоллаштиришни талаб қилиб келган АҚШ Миллий телевидение ассоциацияси (National Association of Broadcasters) ҳам мазкур талабни қўллаб-қувватлади. Motorola, LG ва Samsung унинг кўрсатмаларига қулоқ тутди.

Apple'да Федерал алоқа комиссиясининг талабига iPhone 7, iPhone 8 ва iPhone X смартфонларида радиомодуллар йўқлиги билан жавоб беришди. Радио мухлислари янгиликлар станцияларини  Apple Music ёки watchOS 4.1'даги "Радио" иловаси орқали тинглашлари мумкин.

Компаниянинг таъкидлашича, айфон эгалари фавқулодда хизматларга тўғридан-тўғри блоклаш экрани орқали мурожаат қилишади ва фавқулодда вазиятлардан хабар топишади. Apple'нинг маркетинг бўйича катта президенти Филипп Шиллер ҳам бу маълумотни тасдиқлади.

TechCrunch нашрида маълум қилинишича, Apple эски моделларидан радиони олиб ташлаган. iPhone 6 ва iPhone 6S'да FM-модуллар бўлган, бироқ улар процессорларга киритилиб, антенналарга уланмаган. Бундан чиқди, агар АҚШ Apple'ни модулларни ёқишга мажбур қилган тақдирда ҳам, компания бундай қила олмайди.