Гуам — Тинч океанининг ғарбий қисмидаги орол. Ҳудудий жиҳатдан Осиёда жойлашган бўлса-да, у Америка ҳисобланади. Энг қизиғи, у ерга бориш учун виза ҳам керак бўлмайди. Гуамга йил бўйи сайёҳлар ташриф буюради: бу ерда ўнлаб соҳиллар, ўрганилмаган жунглилар ва божсиз савдо бор. "Медуза" нашри Гуам сайёҳлик бюроси билан бирга бу орол ҳақидаги маълумотлари билан бўлишди.

 

"Америка куни" Гуамда бошланади

Фото: Гуамнинг Россиядаги туристик бюроси

Гуам Мариан хандақи бўйлаб чўзилган Мариан ороллари архипелагига киради. Гуам АҚШ ҳудудининг бир қисми ҳисобланади, шундай бўлса-да, уни Америка қитъасидан 11 500 километр ажратиб туради. Таққослаш учун: Япониягача - атиги 2 500 километр. Гуамда янги тақвимий кун Шимолий Америкадагига нисбатан 15 соат олдин бошланади, "Америка куни бошланадиган жой" ибораси шундан келиб чиққан. Масофа узоқлигига қарамай, маҳаллий аҳоли (асосан чаморро халқи ва филиппинлар) Америка фуқаролигига эга, инглиз тилида эркин сўзлашади, АҚШ доллари билан ҳисоблашади ва 4 июлда Мустақиллик кунини нишонлайди. 2000-йиллар бошидан Гуамда туризм фаол ривожланди — орол айниқса японлар, корейслар ва АҚШ қитъаси аҳолиси орасида машҳур.

 

Гуам тарихи узоқ

Фото: Gianni Dagli Orti / REX / Vida Press

Гуам оролидаги ферма, 1818 йилги гравюра. Франциялик денгиз саёҳатчиси ва картограф Луи де Фрейсиненинг дунё бўйлаб саёҳати материалларидан 

Тахминан милоддан аввалги иккинчи минг йилликнинг ўрталарида Гуам чаморролар томонидан эгалланди, европалик кўчманчилар эса бу ерга XVI асрнинг бошларида — Фернан Магеллан экспедицияси билан келишган. Кейинги юз йилликларда Гуам испанлар томонидан Мексика ва Филиппин ўртасидаги савдо йўлидаги транзит нуқтаси бўлган. Бу орада орол аҳолисининг насронийлашуви ҳамда маҳаллий ва мустабид маданиятнинг аралашуви рўй беради: чаморро халқи испан савдо нуқталарида хизмат қилган испанлар, мексикаликлар, филиппинлар билан оилалар қурган. XIX аср охирида, Испания-Америка урушидан кейин Гуам АҚШ тасарруфига ўтган. Ҳукмдорларнинг тез-тез ўзгариши маҳаллий аҳолига ўз тил ва анъаналарини бугунга қадар сақлаб қолишга тўсиқ бўла олмади. Маданиятларнинг мураккаб "гулдастаси" эса шаҳарлар меъморчилиги ва маҳаллий ошхонада ўз аксини топди.

 

Гуамда ҳаво ҳарорати +25 даражадан совуқ бўлмайди

Фото: Гуамнинг Россиядаги туристик бюроси

Май ойидан ноябрга қадар Гуамда ёмғирлар мавсуми кузатилади - давомли бўлмаса-да, тропик селлар ҳам бўлади. Шундай бўлса ҳам, бу мавсумда ҳам ҳаво илиқ ва ёқимли. Декабрдан май ойигача эса, ҳарорат +26, +27 даража бўлади. Оролдаги намлик 66 фоиз атрофида.

 

Гуам — соҳиллар ва табиий қўриқхоналар ороли

Фото: Гуамнинг Россиядаги туристик бюроси

Гуам — бу нисбатан кичик ҳудуд. Шундай бўлишига қарамай, унда бир-бирига қарама-қарши ландшафтлар жойлашган: оқ қумли соҳиллар, тоғлар, сокин бухталар ва кенг қирғоқлар. Сайёҳлар орасида айниқса жунглилар, қоятошли ва шаршарали қўриқхоналар бўйлаб саёҳатлар машҳур. Гуамда хайкинг учун йўллар тармоғи бор: маҳаллий аҳолидан иборат йўлбошловчилар сайёҳларни ҳудуд билан таништириб, унинг маданий мероси, чаморро халқининг анъанавий қишлоқлари, латте тошлари ва Иккинчи жаҳон уруши воқеа жойлари ҳақида сўзлаб беришади.

 

Гуамда Иккинчи жаҳон уруши ёдгорликлари кўп

Форт Нуэстра Сеньора-де ла Соледад
Фото: Shutterstock

Иккинчи жаҳон уруши йилларида Гуам японлар томонидан ишғол қилинган, бироқ 1944 йилда орол АҚШ Денгиз кучлари томонидан тортиб олинган. Ўшандан буён у ерда обидалар, Миллий тарихий парк, қурол комплекслари, хизмат итлари қабристони ва урушнинг бизга маълум бўлмаган эпизодлари ҳақида "сўзловчи" бошқа диққатга сазовор жойлар пайдо бўлган. Бундан ташқари, оролда Америка ҳарбий базаси жойлашган.

 

Гуам — дайвинг маскани

Фото: Гуамнинг Россиядаги туристик бюроси

Гуам минтақадаги энг дайвингбоп жойлардан бири ҳисобланади - бу ерда ҳар қандай тайёргарлик даражаси билан сувга шўнғиш мумкин. Сув остида нафақат балиқ ва рифлар, балки сув остига ғарқ бўлган кемаларни ҳам кўриш мумкин. Бу ерда Апра бандаргоҳи ёнида 30 метр чуқурликда Биринчи жаҳон урушига тегишли немис крейсери ва Иккинчи жаҳон урушига тегишли япон кемаси бор. Яқин орада эса денгиз фаунасига бой машҳур Мовий Ойна — табиий 100 метрли кон мавжуд. Шунингдек Гуамда парашютдан сакраш ва гольф ҳам кенг тарқалган.

 

Гуам — турли маданиятлар ороли

Фото: Гуамнинг Россиядаги туристик бюроси

Гуам пойтахти Хагатнанинг ёнида анъанавий қишлоқ жойлашган бўлиб, бу ерда сайёҳлар чаморро халқи маданияти, ошхонаси ва турмуш тарзи билан танишишади. Маҳаллий бозорда денгиз деликатесларидан татиб кўриш мумкин. Гуамнинг марказий қисмида Иккинчи жаҳон уруши излари сақланиб қолган: япон қурол-яроғ  комплекслари, Миллий тарихий парк ва манзарали платформалар.

 

Гуамда жунгли, ғорлар ва шаршаралар бор

Фото: 
Design Pics Inc / Alamy / Vida Press

Бунинг учун оролнинг жанубий қисмига бориш керак. У нисбатан сокин, бироқ Гуамга соҳиллар учун келувчи сайёҳлар орасида машҳур. Бу ерда ҳақиқий тропик жунглиларда кезиб, шаршаралар ва ғорларни томоша қилиш, шунингдек бир вақтлар Магеллан экспедицияси қўним топган Уматак қишлоғини тадқиқ қилиш мумкин. Бундан ташқари, Гуамнинг жанубий қисмида Талофофо-бей қирғоғи жойлашган бўлиб, бу ерга ҳар йили шамоллар мавсумида юзлаб сёрфингчилар ташриф буюришади.

 

Гуам — божсиз савдо зонаси

Фото: Гуамнинг Россиядаги туристик бюроси

Бу ерда маҳсулотлар учун бож олинмайди, уларнинг нархи ҳам анча арзон. Оролда шоппинг маркази Тумон шаҳри ҳисобланади: у ерда йирик савдо кўчалари, аутлетлар ва савдо марказлари бор. Дам олиш кунлари сайёҳлар Дедедо қишлоғига маҳаллий бозорни кўздан кечириш учун боришади, чоршанба кунлари эса Чаморро қишлоғида Тунги бозор ишлайди, у ерда эсдалик совғалари харид қилиш ва маҳаллий ошхона таомларидан татиб кўриш мумкин.