Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Ахборот хизмати.

Депутатлар дастлаб «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, ён-атрофда хавфсизлик, барқарорлик ва аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини ҳал этиш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади. Шу маънода мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 5 сентябрь куни Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида Ўзбекистон Республикаси ва Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисида Шартноманинг имзоланиши икки қардош халқлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлашга имкон берди.  

Мажлисда «Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз Давлат чегараси тўғрисидаги Шартномани ратификация қилиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси катта тарихий аҳамиятга эга эканлиги, орзулари, ниятлари бир қардош ўзбек ва қирғиз халқларини бир-бирига яқинлаштиришдек эзгу мақсадга хизмат қилиши таъкидланиб, депутатлар томонидан тўла қўллаб-қувватланди.

Шундан кейин бир гуруҳ депутатлар томонидан қонун ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага биринчи ўқишда киритилган «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди. Қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлган қонун лойиҳасида норматив-ҳуқуқий, иқтисодий механизм ва воситаларни такомиллаштириш, қонун бузилишлари натижасида қўлланиладиган иқтисодий чоралар тизимини ривожлантириш, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳамда экологик ҳуқуқлари ҳимоясини таъминловчи ҳуқуқий механизмларни яратиш назарда тутилади.

Депутатлар таъкидлаганидек, ушбу қонуннинг қабул қилиниши атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсати ва бошқарувининг асосий йўналишларини белгилашга, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлашга, озон бузувчи моддалар ва уларнинг таркибида тутувчи маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқиш ва олиб киришни ҳуқуқий тартибга солишга шу билан бирга атмосфера ҳавосини трансчегаравий ифлосланишининг камайишига хизмат қилади.

Шундан сўнг депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар. Бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 211-моддасига мувофиқ жиноят қуроли, кимга тегишлилигидан қатъи назар, мусодара қилиниши керак бўлган ва тегишли муассасаларга топширилган ёки йўқ қилиб юборилган.

Мазкур қонун лойиҳаси билан эса мулк жиноят қуроли сифатида фойдаланилганда, мулкдорнинг айби бўлмаган ҳолатлар бўйича уни мусодара қилиш мумкин эмаслиги тартиби ўрнатилмоқда. Депутатларнинг фикрича, қонунинг қабул қилиниши мамлакатимизда хусусий мулк ва мулкдорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада мустаҳкамланишига олиб келади.

Мажлисда парламент аъзолари Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.