61 яшар англиялик журналист Фрэнсис Мэтью Дубайда ўз хотинини ўлдиришда айбланиб ҳибсга олинди. Амирлик қонунларига кўра, у ўлим жазосига маҳкум этилиши мумкин.

Дубай полициясининг билдиришича,  Gulf News нашри муҳаррири Фрэнсис Мэтью ўзининг 62 ёшли хотини Жейнни ётоқхонада болға билан уриб ўлдирган. Эркакнинг воқеа жойига етиб келган зобитларга маълум қилишича, уйида талончилар бўлган ва айнан улар Жейнни ўлдиришган. Сўроқ пайтида журналист молиявий муаммолар туфайли хотини билан жанжаллашиб қолганлигини тан олди.

Полиция маълумотларига кўра, кейинчалик Фрэнсис Мэтью қотиллик содир этганини тан олган ва ҳатто хотинини қандай ўлдирганлигини айтиб берган. Аёл уни гўёки итариб юборган, шундан сўнг у хонадан чиқиб, болға билан қайтиб келган. Эртаси куни эрталаб у уйига талончилар кирганини саҳналаштирмоқчи бўлди ва полицияни чақиртирди.

Британиялик журналист хотинининг ўлдирилишига алоқадорлигини рад этмоқда. Унинг адвокати Ли ал-Шамсийнинг билдиришича, жасадни ёриб кўриш бўйича ҳисоботда хато топган. Шунга қарамай, прокуратура Фрэнсис Мэтью учун ўлим жазосини талаб қилмоқчи.