Telegram сервиси асосчиси Павел Дуровнинг маълум қилишича, компания ўз сиёсатини давом эттиради, фойдаланувчилар анонимлиги ва ахборот алмашиши эркинлигини ҳимоя қилади.

«Telegram эркинлик ва махфийликни ҳимоя қилишда давом этади. Мамлакатлар томонидан қўйилган қандайдир чекловлар ҳеч нарсани ўзгартирмайди», - дея ёзди Дуров Telegram’даги ўз каналида.

Бундан ташқари, мессенжер яратувчиси Россия ва Эрон ҳукумати бундай иловалар фаолиятини тартибга солиш доирасида ўз позициясини юмшатишига умид билдирди. «Умид қиламанки, бир кун Эрон ва Россия шундай нуқтага етадики, биз ҳамда бошқа АТ-компаниялар у ерда ўз офисларимизни очишимиз мумкин бўлади. Унгача фойдаланувчиларга аноним равишда хабар алмашиш имкониятини беришда давом этамиз ва эркинлик ҳурмат қилинадиган мамлакатлар ҳудудида ишлаймиз», - дея таъкидлайди Дуров.

Ўтган сешанба куни Эрон прокуратураси Дуровга қарши жиноий иш очди. Эрон прокуратураси маълумотларига кўра, мессенжер болалар порнографиясини, шунингдек, ИШИД террористик гуруҳи жангарилари томонидан экстремистик маълумотларни тарқатиш мақсадида ишлатилган.

Бундан ташқари, Россия Федерацияси Алоқа ва оммавий коммуникациялар вазири Николай Никифоровнинг «Интерфакс»га берган интервьюсида маълум қилишича, компания Россия қонунчилигига риоя қилмасликда давом этса, Telegram мессенжери блоклаб қўйилиши мумкин. Вазирнинг таъкидлашича, «қонунни бажариш нуқтаи назаридан ҳамкорлик қилмайдиган компаниялар блокланади».

Шунингдек, Россия ва Эрон расмийларининг талабларини изоҳлар экан, Telegram асосчиси Дуров компанияга босим ўтказадиган мамлакатларда бизнесни тўхтатишга тайёрлигини билдирди.

«Баъзи мамлакатларда биз фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ҳимояси туфайли босим остида қолаётганимиздан ташвишланмаяпмиз. Биз бундай мамлакатлар билан ҳам шахсий, ҳам ишбилармон алоқаларни узишга ҳар доир тайёрмиз, шу тариқа улар бундай босим ўтказиш имкониятидан маҳрум этилади», - дея ёзди Дуров. 

Россия ва Эрондаги таъқиблар Telegram бизнеси учун унчалик муҳим эмас, сабаби компания ушбу мамлакатларнинг ҳеч бирида юридик шахс сифатида мавжуд эмас, деди Дуров. Унинг сўзларига кўра, Россия билан шу нуқтаи назардан сўнгги алоқа июлда узилган. Ўшанда Telegram мессенжернинг спамдан ҳимоясини таъминловчи Петербургнинг «Телеграф» МЧЖ билан алоқаларни тўхтатганди.

Дуровнинг сўзларига кўра, унда Эронда нон-грат персонаси бўлишдан қўрқув йўқ. Сент-Киттс ва Невис федерацияси (Британия ҳамдўстлигига киради) паспортига эга бўлган тадбиркор учун Россияга ташриф буюришнинг қийинлашиши сезиларли зарба бўлиб тушиши мумкин. РФда унинг ота-онаси яшайди. «Аммо бу ўртага тикилган нарсага нисбатан кичик нарх», - деб ёзади Дуров.

Telegram асосчисининг фикрича, Эрон ва Россия ҳукумати бизнес юритиш эркинлигини чеклаб, ўз мамлакатларининг иқтисодига кўпроқ зарар келтирмоқда. Сўнгги йилларда Google, Oracle ва Microsoft Россияда ривожланиш бўйича офисларини ёпишди, уларнинг кетидан унча катта бўлмаган компаниялар ҳам шундай   қарорга келишган, дея таъкидлаб ўтди Дуров ўз баёнотида.