АҚШнинг Флорида штатидаги Голливуд шаҳрида "Ирма" довули сабабли электр энергия бўлмаган ва кондиционерлар ишламаган қариялар уйида ҳалок бўлганлар сони 12 кишига етди. Бу ҳақда Associated Press ахборот агентлиги хабар бермоқда. 

Аввалроқ 8 киши ҳалок бўлгани маълум қилинганди.

Шаҳар полиция бошқармаси бошлиғи Том Санчеснинг айтишича, ушбу ҳолат юзасидан тергов олиб борилмоқда. Флорида губернатори Рик Скоттнинг айтишича, айбдорлар қаттиққўллик билан жазоланадилар. CNN телекомпанияси маълумотларига кўра, юз берган ҳодисадан кейин Флорида раҳбарияти штатдаги 40 дан кўпроқ қариялар уйида сақланувчиларнинг парваришланиши шароитларини текширишга қарор қилган. 

Флоридада довул вақтида ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларида яна камида 13 киши ҳалок бўлган.