“Ўзавтосаноат” АЖ таркибидаги GM Uzbekistan корхонаси ўзи томонидан ишлаб чиқариладиган автомобилларни онлайн сотиш борасида ягона портал — Chevrolet.uz’ни ишга туширади. Ушбу хизмат ёрдамида реал вақт режимида керакли автомобиль русуми, унинг конфиргурацияси, ранги, зарур бутловчи қисмлари, шунингдек, уни харид қилишга буюртма бериш учун энг яқин автосалонни ҳам танлаш мумкин.

Бу ҳақда GM Uzbekistan бугун ўтказган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Портал орқали харидорлар атвомобиль харид қилишга буюртма ташлаш, шартнома расмийлаштириш ва тўлов қилиш учун ўз навбати яқинлашаётганини кузатишлари мумкин. Йил сўнгига қадар шартномаларни онлайн рўйхатга олиш ва эҳтиёт қисмларни ҳам онлайн харид қилиш хизматлари ишга туширилиши режалаштирилмоқда.

Uzinfocom маркази билан ҳамкорликда яратилаётган порталнинг ишга туширилиши автомобиль харид қилишнинг барча босқичларида шаффофликни таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Кейинги босқичда ягона порталнинг мобил иловалари ҳам яратилади.