Қадрли муштарийлар! KUN.UZ ўтказаётган турли хайрия акцияларини қўллаб-қувватлаб ўнлаб инсонларга ёрдам бериб келмоқдасиз. Хайрли ишларингиз ўзларингизга йўлдош бўлишини тилаган ҳолда бугун сизларнинг эътиборингизга яна бир кўпчиликнинг ёрдамига муҳтож инсон ҳақида сўзлаб беришга жазм қилдик.

Фароғат Қўчқорова Самарқанд шаҳрида яшайди. 3 ўғилнинг онаси. Болаларининг иккитаси мактабга боради, бири боғча ёшида. Ўзи (ҳозир беморлиги туфайли ишдан чиққан, II гуруҳ ногиронлиги берилган) ва турмуш ўртоғи давлат ишида, ҳалол маош топиб кун кечиришмоқда.

6 йил муқаддам у кенжа фарзандига ҳомиладорлигида тўсатдан йиқилиб тушади ва сон суягини шикастлаб олади. Бу бахтсиз ҳодиса оқибатида унинг сон суяги ёрилади, умуртқаси қийшаяди. Айни кунларда унинг сон суягининг тос суягига бириккан қисмида емирилиш — КОКСАРТРОЗ ташхисланган.

«Мана икки йилдирки, оғриқлар куну-тун мени таъқиб этади. Ёшлигимда ҳам касал бўлганман, шу вақтгача 12 марта операция қилиндим. Айни кунларда фақат оғриқ қолдирувчи дорилар ичиб, қўлтиқтаёқда юришга мажбур бўлаяпман. Оғриқлар кучайгач, ишдан ҳам чиқишга мажбур бўлдим (у ўқитувчи бўлиб ишлар эди). Самарқандда ҳам, пойтахтда ҳам учрашмаган шифохонам, врачим қолмади», — деди Фароғат Қўчқорова биз билан суҳбатда.

KUN.UZ сайтида Фароғатхонга кўмак кўрсатиш учун акция эълон қилинганидан сўнг у операцияга тайёргарлик кўриш ва якуний кўрикдан ўтиш учун Тошкент шаҳрига келди ва Республиканинг атоқли врачлари томонидан унинг касаллиги ўрганиб чиқилди. Врачлар ҳузуридан чиққан Фароғатхон таҳририятимизда бўлиб, бизга видеоинтервью ҳам берди.

Унга аввалдан қўйилган ташхислар тасдиқланган — Фароғатхон коксартроз дардига мубтало бўлган. Энди фақат эндопротез ўрнатиш буйича қимматбаҳо операция Фароғатнинг тинимсиз оғриқлардан фориғ бўлишида ёрдам бериши мумкин. Бундай операцияни юртимиз шифокорлари ҳам муваффақиятли амалга ошириб келишмоқда экан. Қайта ҳисоблашлар натижасида операция учун 25 миллион сўм атрофида маблағ зарурлиги айтилган, акция натижасида йиғилган маблағлар шу кунгача 6,5 миллион сўмдан ошган.

KUN.UZ ушбу уч нафар норасида фарзанднинг онасига ёрдам қўлини чўзиш борасида муштарийлар ўртасида хайрия акциясини давом эттиради.

Ҳурматли муштарийлар! Тўхтамас дарддан жони қийналаётган уч фарзанднинг онасига ёрдам қўли чўзмоқчи бўлганлар Фароғат Қўчқорованинг ўз номига очилган пластик карточкасига маблағ ўтказиб беришлари мумкин:

8600 0423 5858 0925

Мурожаат учун телефон: +998 (93) 330-12-50