Хитой ҳукумати қазиб олинувчи ёнилғида ишловчи автомобиллар ишлаб чиқарувчилари кам ёки ноль миқдорда карбонат ангидрид чиқарувчи транспортни яратиш ҳисобига "кредит" олишлари керак бўлади. Янги қоида йил давомида ички ёнув двигателига эга 30 мингтадан кўпроқ автомобиль йиғадиган ёки импорт қиладиган компанияларга қўлланади. Бу ҳақда Verge ва Nikkei Asian Review нашрлари хабар бермоқда.

Энди автомобилсозлик компаниялари қуйидаги квоталарга мувофиқ келишлари керак бўлади: 2019 йилгача компаниялар ишлаб чиқарадиган автомобилларнинг камида 10 фоизи, 2020 йилгача эса камида 12 фоизи электрда юрувчи бўлиши керак. Акс ҳолда компаниялар жарима тўлашлари керак бўлади. Бошқа бир вариант – электромобилларнинг зарур даражасидан кўпроқ автомобиль ишлаб чиқарган компаниялардан квоталар сотиб олиш бўлади. Хитой айни вақтда дунёдаги энг катта автомобиль бозори ҳисобланади, шу сабабли Honda ва Volkswagen каби хорижий компаниялар бу қоидага бўйсунишга тайёрлар. Бошқа кўплаб компаниялар, жумладан Хитой компаниялари электромобил яратишга ўзлари қизиқиш билдирмоқдалар ва янги квоталар уларга қўшимча фойда келтиришини кутмоқдалар.       

Хитой ҳавосининг анчагина ифлосланганидан азият чекади. Мисол учун, Пекин ва Шанхайда ифлосланганлик жуда юқори ва Хитой шу сабабли ички ёнув двигателига эга автомобиллардан секин-аста воз кечишга интилмоқда. 

Хитой аҳолиси ҳукуматнинг табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қадамларини ҳозирча унча қўллаб-қувватламаяпти. 2016 йилда электромобиллар савдоси 500 минг машинани ташкил қилган ва бу Хитойнинг бутун автомобиль бозори ҳажмидан 2 фоиздан ҳам камроғини ташкил қилади. Марказий ҳукумат томондан экологик тоза машиналарни харид қилишга 60 минг юан (9 минг доллар) миқдорида субсидия таклиф қилингани ҳам ёрдам бермаган. Янги режа эса бу жавобгарликни автомобилсозлик компаниялари зиммасига юкламоқда. Охир натижада Хитой 2025 йилгача электромобиллар савдоси умумий савдо ҳажмидан 20 фоизни ташкил қилишига интилмоқда.