Infiniti ва Nissan компанияларининг катта вице-президенти ва дизайн бўйича директори Альфонсо Альбайса ҳашаматли яхта лойиҳасини ишлаб чиқди. Кема Motali номини олди ва эгилган манзара ойналари билан жиҳозланади. Уч палубали яхтанинг узунлиги 33 метрни ташкил қилади. Яхта дизайни 1950-йиллар кемалари услубида бажарилган.

"Мен яхтага бир вақтнинг ўзида кескин ва классик кўриниш беришга ҳаракат қилдим", деб тушунтирди ўз ғоясини дизайнер.

Автомобилсозлик компаниялари ўз эътиборларини ҳашаматли яхталарга биринчи марта қаратишаётгани йўқ. Аввалроқ Lexus компанияси Sport Yacht Concept кемасини тақдим қилганди. Яхта иккита 5 литрли V8 бензин мотори билан жиҳозланган. Бундай моторлар RC-F ва LC 500 автомобилларида ўрнатилади. Яхтанинг умумий қуввати 885 от кучини, максимал тезлиги соатига 79 км ни ташкил қилади. 

Sport Yacht Concept узунлиги 12,7 метрни ташкил қилади. Унинг корпуси карбон ва кучайтирилган углерод толали пластикдан ясалган. Бунинг эвазига концепт оғирлигини 1000 кг га енгиллаштиришга эришилган. Яхта 8 кишига мўлжалланган.

Bugatti эса Niniette 66 спорт яхтасини яратди. Кема Palmer Johnson компанияси билан биргаликда қурилган. Яхта дизайни Chiron гиперкари услубида бажарилган. Кема узунлиги 20 метрни, максимал тезлиги соатига 82 км ни ташкил қилади. Яхта усти йиғилувчи том билан жиҳозланган, у ёмон об-ҳаво шароитида чиқарилиши мумкин. 

Niniette 66’нинг ички безагида карбон, чарм ва эмандан фойдаланилган. Яхтада SPA, бар ва ҳаттоки гулхан ёқиш учун махсус жой кўзда тутилган. Яхта нархи 2 млн евродан кўпроқни ташкил қилади. 

Фото: Infiniti