Ўзбекистон Республикаси президенти «БМТ шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги фармойишни имзолади.

Фармойиш 2017 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш муаммолари ва барқарор тараққиёт бўйича Халқаро конференцияга тайёргарлик кўришни таъминлаш ва уни юқори даражада ўтказиш мақсадида имзоланди. 

Қайд этилишича, Халқаро конференцияда халқаро ташкилотлар раҳбарлари, БМТ ва Европа Иттифоқи раҳбарияти, хорижий давлатларнинг ташқи ишлар вазирлари, экспертлар жамоатчилиги вакиллари, шунингдек хорижий ахборот агентликлари ва оммавий ахборот воситалари қаторидан 150 дан ортиқ хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Ташқи ишлар вазирлигига (А.Комилов) 2017 йил 10 октябрга қадар бўлган муддатда Халқаро конференция дастури, харажатлар сметаси ва иштирокчилар рўйхатини ишлаб чиқиш ҳамда Вазирлар Маҳкамасига кўрсатилган тартибда тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилди.

2017 йилнинг 10-11 ноябрь кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида «Марказий Осиё: бир ўтмиш ва бир келажак, барқарор ривожланиш ва ўзаро фаровонлик учун ҳамкорлик» Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш муаммолари ва барқарор ривожланиш бўйича Халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича Тадбирлар режаси №1-иловага мувофиқ тасдиқланди.

Масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларига Тадбирлар режасида кўрсатилган тадбирларни ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш вазифаси топширилди.

Халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича Ташкилий қўмита №2- иловага мувофиқ таркибда ташкил этилади.

Ташкилий қўмитанинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Халқаро конференцияни юқори даражада ўтказишга қаратилган тайёргарлик ва ташкилий ишларнинг барча комплексини таъминловчи чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва ўз вақтида амалга ошириш;

режалаштирилаётган Халқаро конференция батафсил Дастурини ишлаб чиқиш ва тадбир иштирокчилари учун маданий дастурни ташкил этиш;

Халқаро конференция иштирокчилари учун визани расмийлаштириш, транспорт ва тиббий хизмат кўрсатиш, етиб келиш ҳамда жўнаб кетиш масалаларини мувофиқлаштириш;

ахборот-таҳлилий ва бошқа ҳужжатларни ўз вақтида ва сифатли тайёрлашни таъминлаш, Халқаро конференцияга ахборот ҳамроҳлигини ташкил этиш бўйича зарур чораларни кўриш;

Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида келгусидаги тадбирларнинг ўтказилиш жойларини техник ва телекоммуникация ускуналари билан жиҳозлаш, ободонлаштириш ва йўл-таъмирлаш ишларини бажариш, шунингдек, керакли меҳмонхона фондининг зарур ҳажмини тайёрлаш;

Тадбирлар режасини ўз вақтида ва сифатли бажариш бўйича республика вазирликлари ва идораларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, Халқаро конференцияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ташкилий масалалар.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги (А.Комилов), Миллий хавфсизлик хизмати (Р.Иноятов), Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов), Давлат божхона қўмитасига (М.Тоҳирий):

Халқаро конференция иштирокчиларининг келишилган рўйхатларига мувофиқ визалар ва бошқа рухсатномаларни тайёрлаш ва бериш билан боғлиқ масалаларни синчиклаб ўрганиш ҳамда ҳал қилишга алоҳида аҳамият қаратиш;

делегациялар ва делегатларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг божхона расмийлаштируви масалаларини ўз вақтида ҳал этиш, Самарқанд шаҳрида Халқаро конференция ўтказиладиган жойда тартибни таъминлаш вазифалари юкланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А.Шодмонов) Халқаро конференция давомида келгусидаги тадбирлар ва меҳмонларни жойлаштириш жойларида санитария-эпидемиология назорати ва тиббий ҳамроҳлик қилишни самарали таъминлайди.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети (Г.Раҳимов), Самарқанд давлат чет тиллар институти (И.Тўхтасинов), Тошкент давлат шарқшунослик институти (А.Маннонов), Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети (А.Жуманов) ва Самарқанд давлат университети (Р.Холмуродов)га Халқаро конференцияни ташкиллаштириш ҳамда уни ўтказиш жараёнига профессор-ўқитувчилар таркиби ва олий таълим муассасалари маъмурияти вакиллари, шунингдек, юқори босқичлар талабалари, докторантларни жалб этиш вазифаси топширилди.

Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси бош вазири А.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгашининг котиби В.Маҳмудовга юкланди.