Вазирлар Маҳкамасининг 11.09.2017 йилдаги 707-сон «Автомототранспорт воситаларини давлат даромадига ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Давлат даромадига ўтказилган, 20 ва ундан кўп йил муддатда фойдаланилган ҳамда яроқсиз автомототранспорт воситалари:

•  ҳақ тўлаш эвазига утилизация ташкилотларига;
•  иккиламчи хом ашёни қайта ишлаш ташкилотларига ҳақ тўлаш эвазига (металл парчалари нархида) топширилади.
 
Автомобилнинг фойдаланишга яроқлилиги ЙҲХДХ органининг ушбу орган раҳбари томонидан тасдиқланган хулоса билан белгиланади.
 
Транспорт давлат ижрочиси томонидан Ички ишлар вазирлиги ЙҲХДХ вакилининг мажбурий иштирокида топширилади. Қабул қилиш-топшириш далолатномасида бу ҳақда тегишли ёзув қайд этилади.
 
Кейин давлат ижрочиси автомототранспорт воситасини ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор чиқаради ва уни автомототранспорт воситаси ҳисобга олинган жойдаги ЙҲХДХ органига ижро этиш учун юборади. Бир вақтнинг ўзида ЙҲХДХ органига ушбу автомототранспорт воситасининг давлат рўйхатига олинган рақам белгилари ва рўйхатга олингани тўғрисидаги гувоҳнома ҳам (мавжуд бўлса) топширилади.
 
Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисидаги низомга зарур тузатишлар киритилди.