Каталония Испаниядан ажралиб чиқиши ғоясининг энг машҳур тарафдорларидан бири, «Барселона» футболчиси Херард Пике ижтимоий тармоқда яна бир бор ўз позициясини аён этди. У твиттердаги саҳифасида каталонияликларни 1 октябрь куни ўтказиладиган референдумда қатнашишга чақирган.

«Якшанба куни биз тинч сайловга борамиз. Келинглар мақсадимизга эришишимиз учун тўсиқ бўлишга ҳеч кимга имкон қолдирмайлик. Улар шуни исташади. Баландроқ овозда қўшиқ куйланг. Биз овоз беришга борамиз», — деган Пике.

Ўз навбатида «Реал» футболчиси Серхио Рамос Пикенинг бу чиқишига муносабат билдирди. 

«Пикенинг сўзлари – ҳуштакбозликка учрашни истамайдиган одам учун яхши сўзлар эмас. Бу сўзлар Испания терма жамоаси футболчиси учун муносиб сўзлар эмас. Аммо ҳар ким ўз позициясини билдиришга ҳақли», — дея Рамоснинг сўзларини келтирган Marca.

Кейинги йилларда Пике ижтимоий тармоқларда баҳсли фикрлар ёзади. У кўпинча ўзининг аччиқ кинояларини «Реал» манзили томон йўллайди. Шу туфайли Испания терма жамоаси машғулотларида қатнашаётган вақтида Пике тез-тез ҳуштакбозликка йўлиқади.