Сурия бўйича келишувлар Россия ва Туркиянинг умумий муваффақиятидир, Сурияда урушнинг тугатилиши учун деярли барча шароитлар яратилган, деб айтди Россия президенти Владимир Путин.

"Қийинчиликларга қарамасдан, биз ижобий натижага эриша олдик. Бу келишувларни бизнинг умумий, жуда муҳим муваффақиятимиз деб ҳисоблайман. Ва албатта, дўстимиз, жаноб Эрдўғаннинг муваффақияти", деб айтди Путин Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашув якунларига кўра.      

"Террорчиларнинг буткул йўқ қилиниши ва сурияликларнинг осуда ҳаётга қайтиши – бу нафақат минтақага, балки бутун дунё учун муҳим бўлган принципиал масаладир. Биз қочқинларнинг уйларига қайтиши учун шароитларни яратмоқдамиз, бу эса узоқ муддатли сиёсий ечимни топиш жараёнини фаоллаштириш учун жуда муҳимдир", деб қўшимча қилди Путин.

28 сентябрда Путин Анқарада Эрдўған билан учрашди. Путин туркиялик ҳамкасби билан музокаралар "фикрлар билан батафсил, очиқ-ойдин алмашишга" имкон берганини таъкидлаб ўтди.  

Томонлар Суриядаги инқирозни тартибга солиш бўйича ташқи ишлар вазирликлари, ҳарбий ва махсус хизматлари линияси бўйича ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар.

Путин ва Эрдўған, шунингдек, Ироқ Курдистонидаги референдум мавзусига ҳам тўхталиб ўтишди. Маълум қилинишича, бу масалада икки давлат етакчиси орасида жиддий келишмовчиликлар йўқ. Эрдўған, ўз навбатида, унинг давлати Ироқнинг ҳудудий яхлитлигига катта аҳамият беришини таъкидлаб ўтди. 

Бундан ташқари, етакчилар қишлоқ хўжалиги масалалари, жумладан, Туркиядан Россияга помидорлар етказиб берилишини муҳокама қилишган.