АҚШнинг ҳар куни чоп этилувчи The Wall Street Journal нашри ўзининг Европа ва Осиёдаги босма версиялари чиқарилишини тўхтатмоқда. Бу ҳақда нашрнинг сайтида маълум қилинди.

Хабарга кўра, газета "босма маҳсулотлар бозори яхши замонларни бошдан кечирмаётган вақтда электрон версиясини чиқаришга эътиборини қаратмоқчи".  

29 сентябрда нашрнинг Европадаги версияси сўнгги марта пештахталарда пайдо бўлади. Унинг Осиёдаги версияси босилиши эса бир ҳафта кейин тўхтатилади. Шундан кейин иккала минтақадаги баъзи давлатлар пойтахтларида газетанинг АҚШдаги версияси сотилиши мумкин. Нашрнинг хориждаги таҳририятлари ходимлари материалларни йиғиш ва тайёрлашни давом эттиришади.

Газета ўзининг Осиё давлатлари учун алоҳида нашрини 1976 йилдан, Европадагисини эса 1983 йилдан чоп эта бошлаган. Таъкидланишича, охирги йилларда савдо ва рекламадан олинадиган даромадларнинг кескин пасайиши, электрон ОАВ ривожланиши газетанинг хориждаги версиялари босилишини норентабелга айлантирди.