Жорий йилнинг 2 октябрь кунидан бошлаб, Тошкент шаҳрида жойлашган Мирзо Улуғбек (собиқ Тельман) номидаги истироҳат боғининг фаолияти вақтинча тўхтатилади. Бу ўзгариш боғда олиб бориладиган қайта таъмирлаш ишлари билан боғлиқ, дейилади ижтимоий тармоқдаги маскан саҳифасида.

"Бизнинг асосий мақсадимиз - боғ кўриниши янгилаш, уни янада замонавий ва мафтункор этишдан иборат. 1934 йилда очилган Мирзо Улуғбек номидаги мазкур боғ Тошкентдаги энг қадимий дам олиш масканлардан бири ҳисобланади. Айни пайтда айрим ўйингоҳ ва аттракционлар давр талабига жавоб бермайди, коммуникация ҳамда масканнинг ташқи кўриниши эскирган. Шу сабабли, биз умумий инфратузилмани тубдан ислоҳ этиб, муҳандислик тармоқларини қайтадан уламоқчимиз”, дейилади хабарда.

Қурилишга масъул бўлган компания мутасаддиларининг айтишича, боғда қайта таъмирлаш ишлари олиб борилиши билан бирга, ундаги 100 ёшдан ошган дарахтларни тўлиқ сақлаб қолиш, уларга шикаст етказмаслик каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилади.

"Лойиҳага тўхталиб ўтадиган бўлсак, аввало, бутун боғ бўйлаб сайр қилиш йўлаклари қайтадан қурилиши режалаштирилган. Тантана ва байрам кунлари пайдо бўладиган тирбандликни бартараф этиш мақсадида автомобиль йўли ўтган кўча тарафдан қўшимча дарвоза орқали ҳаракатланиш имкониятини яратмоқчимиз. Аттракционлар янгиланади ва яна битта авто тураргоҳ барпо этилиши кутилмоқда”, дейилади хабарда.

Кекса ва катта ёшдаги кишиларга қулайликлар яратиш мақсадида, тинч сайр этиш майдони кенгаяди, спорт ва бадантарбия билан шуғулланиш учун алоҳида жой ажратилиши мумкин. Боғга кириш бепуллигича қолиб, таъмирлаш ишлари келаси йилга якунланиши маълум қилинмоқда.