АҚШ президенти Дональд Трамп Осиё бўйича биринчи турнесига жўнаб кетмоқда. Қўшма Штатлар раҳбари унинг доирасида Япония, Жанубий Корея, Хитой, Вьетнамга ва Филиппинга, шунингдек, Ҳавайига ташриф буюради. Оқ уй матбуот хизмати томонидан жума куни эълон қилинган баёнотда айтилишича, сафар 3-14 ноябрь кунларига мўлжалланган.

Таъкидланишича, «президент бир қатор икки томонлама ва кўп томонлама учрашувларда, жумладан, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлик (ОТИҲ) саммити ҳамда Жануби-Шарқий Осиё давлатлари Ассоциацияси (АСEАН) саммитида иштирок этади».

«Президент Трамп Америка хавфсизлиги ва фаровонлиги учун эркин ва очиқ Ҳинд-Тинч океани минтақаси муҳимлигини муҳокама қилиш ниятида. У Америка савдо шериклари билан адолатли ва ўзаро манфаатли иқтисодий муносабатлар муҳимлигини таъкидлайди», - дейилади баёнотда.

«Президентнинг учрашувлари халқаро ҳамжамиятнинг Шимолий Кореядан таҳдидга қарши курашиш ва Корея ярим оролининг тўла ҳамда қайтарилмас ядросизлантиришга эришиш бўйича қатъиятларини кучайтиради», - дея қайд этди Оқ уй матбуот хизмати.