«Бавария» бош мураббийлигидан бўшатилган Карло Анчелотти ўрнида Томас Тухель иш бошлаши мумкин. Бу ҳақда Sky Sport Germany хабар тарқатди. Телеканал маълумотига кўра, 44 ёшли мутахассис бўш қолган ўринга асосий даъвогар саналмоқда. «Бавария» бошқарув кенгаши раиси Карл-Ҳайнц Румменигге Тухелни «Майнц» ва Дортмунднинг «Боруссия» клубларидаги фаолияти учун ҳурмат қилиши айтилган.

Карло Анчелотти Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичида «Пари Сен-Жермен»га қарши кечган ва 0:3 ҳисобидаги мағлубият қайд этилган ўйиндан кейиноқ истеъфога чиқарилди. «Бавария»ни айни вақтда Анчелоттининг ассистенти бўлиб ишлаб келган Вилли Саньоль мураббий вазифасини бажарувчи сифатида фаолият бошлади. Франциялик мутахассис мюнхенликлар клубини Германия чемпионатининг 7-турида «Ҳерта»га қарши 1 октябрь куни ўтказиладиган ўйинга тайёрламоқда.

Анчелотти «Бавария»ни 2016 йил июлидан буён бошқариб келмоқда эди. Ўтган мавсумда мюнхенликлар клуби мавсум якунланишига 3 тур қолганида Германия чемпионлигини расмийлаштиришганди, аммо клуб Чемпионлар лигасида юришини 1/4 финалда тўхтатган, ўшанда Мадриднинг «Реал» клубига икки ўйин натижасига кўра 3:6 ҳисобида мағлуб бўлинганди.

Анчелотти турли йилларда Италия терма жамоаси ёрдамчиси, «Реджана», «Парма», «Ювентус», «Милан», «Челси», «ПСЖ» ва «Реал» клубларида бош мураббий сифатида ишлаган. У жами 20 соврин ютган. «Милан» ва «Реал» бошқарувида у Чемпионлар лигасида (итальянлар клубида икки марта) зафар қучган.

Тухель «Боруссия»ни 2015-2017 йилларда бошқарди, унгача «Майнц»да ишлаган. Тухель фақат бир марта Германия Кубогини қўлга киритган, дортмундликлар клуби 2017 йил майида ушбу кубокка эга бўлганди. Турнир финалида «Боруссия» «Айнтрахт»ни енгди - 2:1. Шу учрашувдан кейин Тухель жамоани тарк этди ва ҳозирга қадар ишсиз.