Савол: Иш берувчи корхона (ташкилот) навбатдаги меҳнат таътилига чиқиш тўғрисида ёзилган аризани расмийлаштирмасдан, «таътилдан сўнг бўшайман», (последующий уволнение) кўринишида бошқатдан ариза ёзасан деб, мажбурий ариза ёздиришга ҳаракат қилмоқда. Лекин мен бундай мазмундаги аризани ёзмасдан, сизларга маслаҳат сўраб мурожаат қилишга мажбур бўлдим. Илтимос қонуний маслаҳат беринг.

Эркин Ботиров

Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 144-моддасига кўра йиллик таътилларни бериш навбати календарь йил бошлангунга қадар иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб тасдиқланадиган жадвалга мувофиқ белгиланади.

Қоидага кўра, жадвал бўйича навбати келган ходимга таътил унинг аризаси бор-йўқлигидан қатъи назар берилиши керак. Лекин, бугунги кунда амалиётда деярли барча ҳолатда таътил учун ходимдан ариза талаб этилади.

Бу нотўғри. Чунки, таътил бериш вақти ҳақида ходим таътил бошланишидан камида ўн беш кун олдин иш берувчининг ўзи ёки корхонанинг масъул ходими томонидан хабардор қилиниши керак.

Ходим таътилдан фойдаланишга тўсқинлик қилувчи сабаблар тўғрисида иш берувчини хабардор қилса, таътил иш берувчи ва ходимнинг келишуви билан бошқа муддатга кўчирилиши мумкин.

Таътил жадвали бўйича навбати келган ходимга таътил ўз вақтида берилмаслиги меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши (Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-моддаси), деб баҳоланади ва иш берувчига энг кам иш ҳақининг икки бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Иш берувчи ходимдан унинг хоҳишига зид равишда «таътилдан сўнг меҳнат шартномасини бекор қилишингизни сўрайман» мазмунидаги аризани талаб қилишга ҳақли эмас.

Ва ўз навбатида ходим ушбу мазмундаги аризани ёзишга мажбур эмас.

Ходимлар шуни унутмасликлари лозимки, меҳнат шартномаси бу иш берувчи истаган вақтда бекор қилиб юбориши мумкин бўлган ҳужжат эмас. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тартибига риоя қилмаслик ҳам иш берувчини маъмурий ва моддий жавобгарликка тортиш учун асос бўлиши мумкин.

Кўп ҳолларда, иш берувчи ходимдан «ўз хоҳишинг билан бўшашга ариза ёз, бўлмаса статья билан бўшатаман, кейин сени ҳеч қаерга ишга олишмайди» мазмунида таҳдид қилади.

Бундай таҳдиддан чўчиш мутлақо ўринсиздир.

Биринчидан, ходимнинг айби бўлмас экан, ҳеч қачон уни «статья» билан бўшатиб бўлмайди.

«Статья» ўзи нима?

Бу сўз қонунчиликдаги «модда» сўзининг рус тилидаги талаффузидан келиб чиққан. Меҳнат кодексининг 100-моддаси иккинчи қисмининг 3- ва 4-бандларига кўра, ходим меҳнат интизомини бузгани учун меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиниши мумкин. Ходимни ваҳимага соладиган «статья» шу нарса холос.

Иккинчидан, собиқ СССР даврида меҳнат шартномасини бекор бўлиш сабаблари меҳнат дафтарчасига ёзиларди ва «статья» билан бўшатилган ходимларнинг кейинги ишга жойлашиш масаласи хавф остида қолиб кетарди.

Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига кўра, меҳнат шартномаси бекор бўлиши асослари меҳнат дафтарчасига ёзилиши мумкин эмас. Ишдан бўшаган ходимнинг меҳнат дафтарчасидаги «иши тўғрисидаги маълумотлар» устунига «Меҳнат шартномаси бекор қилинди» жумласидан бошқа сўзлар ёзилишига йўл қўйилмайди.

Учинчидан, айрим ташкилотларда ишга қабул қилиш вақтида аввалги иш жойидан тавсифнома (характеристика) сўрашади. Табиийки «статья» билан бўшатилган ходимга аввалги иш жойидан ижобий тавсиф беришмайди.

Бу ҳам нотўғри талабдир, чунки Меҳнат кодексининг 80-моддасида ишга қабул қилиш вақтида талаб этиладиган ҳужжатлар санаб ўтилган бўлиб, улар қаторида аввалги иш жойидан тавсифнома назарда тутилмаган ва ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади.

Шуни билиш лозимки, Меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши муқаррардир.