Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ Ўзбекистондаги аёллар ва болаларнинг озиқланиши бўйича ҳолатларини аниқлаш мақсадида миллий тадқиқотни бошлашмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ЮНИСЕФ бошланажак тадқиқот самарали тарзда амалга оширилишини таъминлаш мақсадида, маълумот йиғувчи мутахассислар учун ўқув семинарини ташкил этишди.

Миллий тадқиқотни ўтказиш шу йилнинг октябрь ойига режалаштирилган ва у Ўзбекистондаги аёллар ва болалар ўртасида етарлича озиқланмаслик даражаларини ҳар томонлама баҳолаб бериши кутилмоқда. Ушбу тадқиқот озиқланиш ҳолати бўйича минтақага хос илк маълумотларни тақдим этади.

«Халқаро миқёсда таққослаш имкони мавжуд бўлган маълумотларга эҳтиёж мавжудлигига яқинда мамлакат президенти ва бош вазир ўринбосари томонидан урғу берилди. Тадқиқот айнан шу муҳим эҳтиёжни қондиришга ўз ҳиссасини қўшади», - деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари ўринбосари Афшин Парси. «Муҳим кўрсаткичлар бўйича тўғри таснифланган ва ишонарли маълумотларга эга бўлиши эса, Ўзбекистонда аёллар ва болалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган давлат дастурларини режалаштириш ва мониторингини олиб боришда ёрдам беради», - деб қўшимча қилди у.

Ўқув семинарида тадқиқотда амалга оширилажак барча босқичларни синов амалиётидан ўтказиш, сўровнома суҳбатларини машқ қилиш, маълумот йиғиш жараёнида қўлланиладиган электрон ускуналарни ишлатиб кўриш, бўй ва вазнни ўлчашни ҳамда биологик намуналар йиғишни машқ қилиш бўйича машғулотлар ўтказилди.

Фото: ЮНИСЕФ 

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Аҳолишунослик жамғармаси ҳамда Касалликларни назорат қилиш ва уларнинг олдини олиш марказининг Ўзбекистондаги ваколатхоналари томонидан ҳам қўллаб-қувватланган ушбу тадқиқотнинг натижалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2016-2020 йилларда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорининг амалга оширилишига кўмаклашиши кутилмоқда.

Тадқиқотчилар, озиқланиш билан боғлиқ бўлган саволларга жавоб олиш билан бир қаторда, шахсий саломатлик ва эмланганлик ҳолатлари ҳамда ҳомиладор аёлларнинг туғруқолди хизматларидан фойдаланиш имкониятлари бўйича ҳам маълумот йиғадилар. Тадқиқот доирасидаги сўровномада Ўзбекистоннинг қишлоқ ва шаҳар жойларидаги 4200 уй хўжаликлари иштирок этадилар.

«Соғлом овқатланиш бўйича миллий тадқиқот репродуктив ёшдаги аёлларда микронутриентлар танқислиги ва уларнинг овқатланиш кўникмалари ҳамда чақалоқлар ва кичик ёшдаги болаларни овқатлантириш кўникмаларига оид маълумотларни йиғиш орқали бизга ёрдам беради», - деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили, профессор Дилором Аҳмедова.

«Мазкур маълумотлар аҳолининг, жумладан, унинг энг заиф қатламларининг озиқланиш ҳолатини яхшилашга оид асосланган қарорлар қабул қилишимизда бизга қўл келади», - деб қўшимча қилди у.