2017 йил 29 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Миробод тумани судида Боровский номидаги тиббиёт коллежи 2-курс талабаси Жасурбек Иброҳимовнинг ўлими юзасидан навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. 

Иккинчи суд эшитувларида судланувчи Тўлаганов Исломнинг кўрсатмалари тингланди. У Жасурбек билан боғлиқ жанжал сабаблари ва 2017 йил 3 май куни икковининг уришиши қандай ҳолатда, шароитда бўлганини, кимлар бевосита томошабин бўлгани хусусида гувоҳликлар берди. 

Шундан сўнг, мазкур суд эшитувига раислик қилувчи Матчонов судланувчига мурожаат қилиб, айрим жиҳатларга ойдинлик киритувчи саволлар берди. Сўнгра, давлат айбловчиси Акромов, судланувчи адвокати Тоҳиров, жабрланувчи адвокати Исмоилова, жабрланувчи Алимовалар судланувчига саволлар бериш имконига эга бўлишди. 

 

Шундан сўнг, судья Матчонов томонлар билан келишган ҳолда навбатдаги суд мажлисини 2017 йил 2 октябрга белгилади. 

Эслатиб ўтамиз, Жасурбек Иброҳимов ўлими юзасидан дастлабки очиқ суд мажлиси 26 сентябрь куни бўлиб ўтган эди. Унда жабрланувчи Нилуфар Алимова кўрсатмалари тингланганди. 

Судланувчи Тўлаганов Исломбек Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми «д» банди (жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) аломатларини содир этганликда айбланмоқда.