Инсон эзгу амалларга содиқ бўлса, бундан нафақат ўзгалар, балки амаллар соҳибининг ўзи ҳам баракаю фойда топади. Навоий ҳазратлари айтганидек, “Нафин агар халққа бешакдурур, Билки, бу наф ўзингга кўпракдурур”. 

KUN.UZ сайти орқали ташкил этилаётган турли хайрия акцияларнинг мақсади ҳам ёрдамга муҳтож инсонларга кўмак бериш ва шу орқали уларга қувонч улашиш, эзгу амалларга чорлашдир. Қувонарлиси, акцияларда саховатпеша, қўли очиқ ва меҳрибон халқимиз доим фаол иштирок этмоқда.  

Таҳририятнинг Фарғона вилоятига сафари давомида Фарғона шаҳар Искандаров кўчаси 14-уйда яшовчи ёрдамга муҳтож яна бир юртдошимизнинг ҳолидан хабар олдик. Кўнгилларини кўтариб, руҳий далда беришга ҳаракат қилдик. 

4 нафар фарзанднинг онаси бўлган Қўшақова Шамшихоннинг айтишича, 1983 йилда туғилган Равшанжонда 2013 йилда жигар циррози касаллиги аниқланган. 

“Бу касаллик аниқланганидан бери 5 марта қон кетиши ҳолати билан оғир вазиятда касалхонага тушди. Топган даромадимиз шу ўғлимни даволашга кетганлиги учун моддий томондан қийин аҳволдамиз. Икки марта Ҳиндистонга даволаниш учун бордик. У ерда ўғлимга жигарни кўчириб ўтказиш амалиёти зарурлигини айтишмоқда. Операция хизмати 30 минг АҚШ доллари атрофида экан. Ўзимиз ҳам ҳаракат қилмоқдамиз. Уйим бор эди, уни ҳам сотдим. Ҳозир яшаб турган жойимиз укамнинг уйи, шу ерга келишга мажбур бўлдик. Отаси Россия фуқароси, касал бўлгандан сўнг бир марта келиб кўргани ҳам йўқ. Бормаган ташкилотим қолмади, ҳеч бир ердан ёрдам қўлини чўзишмади. Порталга ҳам ёрдам сўраб ёзсам, ҳокимиятдан “Умуман ёрдам қила олмаймиз, шифохона, санаторийга ётқизиш бўлса, қилишимиз мумкин”, дейишди. Шу ўғлимнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун маблағ йиғишда ёрдам беришингизни илтимос қиламан. 1 нафар фарзанди бор. Йиғлайвериб кўзларим хиралашиб кетди”, - дейди Шамшихон опа.

Фарғона вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотномасида айтилишича, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси Равшан Қўшақов Фарғона шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли кўп тармоқли марказий поликлиникасида “Жигар циррози декомпенсация босқичи. Порталь гипертензия. Қизил ўнгач веналари варикоз кенгайиши. Жигар етишмовчилиги. Анемия оғир даражаси” ташхиси билан “Диспансер” назоратида туришини тасдиқлайди.  

Умид инсонни ҳар қандай мусибат гирдобидан тортиб олади. Яратганга умид қилиб яшаётган Равшан Қўшақовнинг ҳам орзу-умидлари катта. Яхши ният ила барча сахий юртдошларимизни Равшанжоннинг дардига шифо топишида ёрдам қўлини чўзишга чорлаб қоламиз.

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун керакли маълумотлар:

Пластик карта орқали: (Click, Payme) Shamshixon Qo`shaqova
Агробанк – 8600 0424 0604 8925
Телефон рақами: (+99893) 373 90 71