Жорий йилда Афғонистон президенти Ашраф Ғанийнинг Ўзбекистонга расмий ташрифи кутилмоқда. Мазкур ташриф доирасида энг аввало, иқтисодий ҳамкорлик, шунингдек, Ўзбекистон транспорт-коммуникация соҳасида бир неча лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган. Бу ҳақда Афғонистон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Абдул Аҳад Ҳолиқёр маълум қилди. 

"Ўзбекистон Президенти халқаро миқёсда ўтказилаётган тадбирларда, анжуманларда Афғонистон ҳақида жуда ҳам илиқ, самимий фикрлар билдириб келган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар жадал суръатларда ривожланиб келмоқда. 

Ўзбекистон турли соҳаларда малакали кадрлар етиштириб чиқариш бўйича юқори тажрибага эга бўлиб, транспорт-коммуникация, миллий кадрларни тайёрлаш, иқтисодий-ижтимоий соҳаларда Афғонистонга ёрдам беришга тайёр эканини билдирган. Сўнгги вақтларда Афғонистоннинг темир йўл ва қурилиш соҳаларидаги мутахассисларга бўлган эҳтиёжи катта. Яқин кунларда бизнинг бир гуруҳ ёшларимиз темир йўл соҳасида, ўқитувчиларимиз эса педагогика соҳасида таълим олиш учун Ўзбекистонга юборилади. Ўйлаймизки, бу борада керакли шартномалар имзоланади", - дея қайд этди элчихона маслаҳатчиси. 

Шунингдек, анжуман чоғида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Афғонистон муаммо эмас, балки умумий минтақамиздаги тинчлик ва барқарорликни қайта тиклаш жараёнларининг бир қисми бўлиши керак эканлигини таъкидлади.