Ҳалабда дунёдаги энг катта усти ёпиқ тарихий бозор - Ал-Мадина ўз ишини тиклади. Ҳозирча фақат 20 та дўкон очилди, аммо тарихий меросни тиклаш бўйича режалар ўн йилга мўлжалланган. Бу ҳақда савдо қаторлари ва устахоналар эгалари журналистларга сўзлаб берди.

«Мен Ҳалабда гилам тўқишни биладиган ягона одамман. Террористлар бу ерда бўлганида, дастгоҳларни уйимда яшириб қўйдим, лекин ҳозир ҳамма нарса жойида. Ҳамма қайтмоқда, 20 та дўкон аллақачон очилди», - дейди гилам тўқиш бўйича устахона эгаси Амар Руваз.

Ҳалабда ҳукумат кучлари ва террорчилик гуруҳлар ўртасидаги қуролли можаро тўрт йил давом этди. 2012 йилда жангарилар Суриянинг иқтисодий пойтахти ҳисобланувчи шаҳарга ҳужум қилишди, лекин ҳудудининг фақатгина 40 фоизини қўлга киритишди. Фронт линияси террорчилар жойлашниб олган Ал-Мадина ва ҳукумат қўшинлари назорати остида бўлган эски шаҳарнинг бошқа диққатга сазовор жойи – Ҳалаб қалъаси ўртасидан ўтган. Аксарият савдо қаторлари миномётдан ўққа тутиш ва ёнғинлар туфайли вайрон бўлди. Баъзи иншоотларни эса террорчилар бузиб ташлашган. «Бу ерда уларнинг позицияси бор эди, улар дўконларда деворлар ва полларни бузиб ташлаб, тошлардан мустаҳкамлаш ишларини бажаришди», - дея айтиб ўтди маҳаллий фуқаро Муҳасиб Хатиб.

Ҳунармандчилик билан шуғулланадиган Муҳаммад Хабажнинг айтишича, бозорни қайта тиклаш режалари ўн йилга мўлжалланган. «Мен бу ерда эллик йил ишлаганман ва бу ердан ҳеч қаёққа кетмоқчи эмасман. Ҳозирча биноларнинг 5 фоизи қайта тикланган бўлсада, иш режаси ўн йилга мўлжалланган», - дея аниқлик киритди у.

Ал-Мадина - дунёдаги энг йирик усти ёпиқ тарихий бозор ҳисобланади. Савдо ва ҳунармандлар қаторининг умумий узунлиги 13 километрни ташкил этади. Ал-Мадина бир нечта кичик бозорларни ўз ичига олади, уларнинг аксарияти 14-асрдан бери мавжуд. 30 йил муқаддам Ал-Мадина бозори Ҳалабдаги эски шаҳар таркибида ЮНEСКОнинг бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.