Дунё электрокарларга «муккасидан кетди», ҳамда бугунги кунда бундай машиналарни ҳаттоки талабалар ҳам яратмоқда. Яқинда, бир гуруҳ талабалар қуёш панели бўлган электрдвигателдаги седанни тақдим этишди, у мавжуд қувватни «еб қўйишига» қараганда тезроқ қувват олади.

Баъзан, ҳақиқатан ҳам янги нарсани яратиш учун у қадар катта тажрибага эга бўлмаган ёш истеъдодларга рухсат бериш керак. Ушбу баёнот ғалати туюлиши мумкин, бироқ Янги Жанубий Уэльс Университетида яқин келажакда Bridgestone World Solar Challenge танловида иштирок этиши лозим бўлган олтинчи авлоддаги электрокарни ишлаб чиқиб, шундай йўл тутишди. Машина Sunswift Violet деб аталди ва уни ишлаб чиқиш билан фақат талабалар шуғулланди.

Фото: Sunswift 

Ёш истеъдодларнинг электромобили қизиқарли чиқди. Унинг дизайни шов-шувга сабаб бўлмоқда – у жуда ноодатий кўринишга эга. Бироқ, шакллар ва конструкторлик ечимлари мураккаблиги учун седан осонгина танилади.

Фото: Sunswift 

Sunswift Violet жуда катта машина эмасдек кўриниши мумкин, лекин аслида салонда ҳайдовчи ва яна уч йўловчи бемалол жойлашади. Бошқача айтганда, бу оилавий автоуловнинг ўзига хос намунасидир.

Фото: Sunswift 

Машина деярли бутунлай алюминий ва углерод толасидан тайёрланган. Бу, бир томондан, унга жуда енгилликни берса, бошқа жиҳатдан – унинг конструкциясини мустаҳкам қилади.

Фото: Sunswift 

Дарров капот ва электрокар томига ўрнатилган қуёш панеллари кўзга ташланади. Авто айнан улардан қувват олади. Албатта, бу қувватнинг асосий манбаи эмас. Двигатель литий-ионли аккумуляторлардан «озиқланади».

Фото: Sunswift 

Sunswift Violet’ни яратган жамоанинг асосий ютуғи шундаки, улар ҳаракатланиш чоғида электр энергиясини истеъмол қилиш даражасини сезиларли даражада камайтирдилар. Талабалар булутли об-ҳавода автоулов ёнилғига эҳтиёж сезмасдан 3 минг километргача масофани босиб ўтиши мумкинлигини таъкидлашди. Шу билан бирга, седан ичида қулайлик учун барча нарса бор: ахборот-кўнгилочар маркази ва кондиционердан тортиб, ўз Wi-Fi нуқтасига қадар.

Фото: Sunswift 

Седаннинг максимал тезлиги 130 км/соат. Автомобиль 60 км/соат тезликда қуёш панеллари бўлмаган ҳолда 800 километр масофани босиб ўтади. Машина 1,5 кВт.лик иккита электродвигателда ишлайди. Айтгандек, бу янгиликнинг оғирлиги 380 килограммни ташкил қилади. Аэродинамик қаршилик коэффициенти 0,2 пункт.