Жазирама ёзни кузатиб, олтин кузни ҳам қарши олдик. Куз ҳавоси сезилиши билан совуқ кунларга тайёргарликни бошлаб юборамиз. Аммо доно халқимиз “қиш ғамини ёзда егин”, деб бежиз айтмаган. Хўш, бугун кўп қаватли уйлар куз-қиш мавсумига тайёрми? Хусусан, Фарғона вилоятида аҳвол қандай? 

KUN.UZ таҳририяти Фарғона вилоятига сафари чоғида айни мавзу бўйича аҳоли мурожаатларига эътибор қаратди. Жумладан, Фарғона шаҳар, Алишер Навоий кўчасида жойлашган 37-Ж ва Е-уйларда истиқомат қилувчи аҳоли билан учрашилди ва кўп қаватли уйларининг бугунги аҳволи ҳақида суҳбатлашилди. 

“Томдан сув оқмоқдаки, қўяверасиз. Ширкат банкдан 199 млн. сўм кредит олган экан. Бироқ, бу уй учун сметани кўрсатинг, нима ишлар қилганингиз айтинг, ҳисоботни берсангиз, барча қарздорликни дарҳол тўлаб берамиз, десак, маълумотни беришаётгани йўқ. Томни ҳам таъмирлашаётгани йўқ. Охирги маротаба таъмирланганига 8-9 йил бўлди. Уни ҳам ўзимиз пул йиғиб қилганмиз. Энди “Янги кредит оламан, қўл қўйиб беринг, ундан кейин томни ёпаман” деяпти. Иссиқ сув ва иситиш тизими 10 йилдан бери умуман йўқ. Унинг қувурлари бор эди. Бироқ, яқинда ширкатдан келишиб, ўша қувурларни ҳам кесиб олиб кетишди. Совуқ сув ёмон берилади. Болалар майдончаси ҳам йўқ.

Ширкатни биронта ишини кўрганимиз йўқ. 1-йўлакда темир эшикдаги зарур қурилма ва кафелларни ўзимиз қилганмиз. “Нима иш қилдинглар?”, деб сўрасак, “Шуни қилдик-ку”, дейишади. Битта ҳам ишини кўрганимиз йўқ, лекин қарзсизлар, деб квитанцияни жўнатгани-жўнатган. Пулни нега берамиз? Ахир, ҳамма ишни ўзимиз қиламиз-ку?! Шу муаммолар бўйича шаҳар ҳокимиятига ариза ёздик. Бироқ, самараси йўқ. Маҳаллага ҳам мурожаатлар билан чиққанмиз. Ширкатнинг ҳаттоки номини ҳам билмаймиз. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида бир киши келиб, шароитлар билан қизиққани йўқ”, - дейди маҳаллий аҳоли вакиллари.

Аҳоли ушбу уйнинг хўжалик ишларига масъул қилинган ширкат фаолиятидан норози. Шу жумладан, унга ёндош бўлган кафе ва автомобиль ювиш шохобчасидан ҳам.

“Бу кафенинг дастидан тинчлик йўқ, кечаси билан шу ерда уруш-жанжал. Маҳаллий аҳоли вакилларидан бир нечаси неча маротаба тез тиббий ёрдамни чақирди. Унинг бир томони интернат-мактаб – бир девор билан ажралиб туради. Чиқиб айтдик ҳам, фойдаси йўқ. Прокуратурадан келган одамларга ҳам айтдик, улар “Агарда урушаётган бўлишса, қўрқсангиз қараманг”, дейишди. Маҳалла раиси, ҳаммага айтдик, улардан ҳам жавоб шу қабилда бўлди. Бундан ташқари, автомобиль ювиш шохобчасидан чиқаётган товуш ҳам тинчлик бермайди. Овози аэропортникидан ҳам баланд. 

Умуман олганда, сизларни кўриб, бизлардан ҳам хабар оладиган одамлар бор экан, деб хурсанд бўлдик. Сизларга раҳмат!”, - дейди фуқаролар.

Муҳокама ва мунозара қилаётган муаммолар имконсиз эмас. Ташаббус ва ғайрат қилинса, қиш кунларининг келишига қадар бартараф этса бўлади. Муҳими, ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан бажариши. Умид қиламизки, мутасадди ва масъул ходимлар бунга бефарқ бўлмайди.