Англия премьер-лигасининг 7-турида жорий мавсумдаги энг марказий учрашувлардан бири бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ўтган мавсум чемпиони «Челси» жорий мавсумда бу номга энг асосий даъвогар бўлиб турган «Манчестер Сити»ни қабул қилади. 

Конте АПЛда Гвардиолага қарши учрашувларда ҳозиргача бир очкони ҳам рақибига улашгани йўқ. Аммо мавсумлар оралиғида сезиларли равишда кучая олган «Сити»га қарши бу сафарги ўйинда ҳам бу ишни қайтара оладими, ёки йўқ буниси сўроқ остида қолмоқда.

Ўзаро ўйинлар

«Манчестер Сити» Премьер-лига доирасида «Челси»га қарши 40 марта дуч келган бўлиб, шуларнинг фақат 9тасида ғалаба қозонишнинг уддасидан чиққан. 24та учрашувда лондонликларнинг қўли баланд келган бўлса, 7 учрашувда дуранг қайд этилган.

«Манчестер Сити» «Стэмфорд Бридж»да меҳмон бўлган учрашувларда фақатгина 3 маротаба ғалаба қозонишга муваффақ бўлган. Қолган 6 ғалаба ўз уйида кечган учрашувларга тўғри келади. Сўнгги бешта учрашувлар бўйича статистика эса 2-2-1 кўринишида. Яъни икки жамоа ҳам биттадан мавсумни тўлиқ ғалаба билан ўтказган. Битта учрашувда дуранг ўйнаган.

Ўйинолди қизиқарли фактлар

«Челси» «Манчестер Сити»га қарши Англия Премьер-лигасининг «Стэмфорд Бриж»даги сўнгги 7 учрашувида фақат бир марта мағлубиятга учраган (4 ғалаба, 2 дуранг).

«Челси» Пеп Гвардиола бошчилигидаги «Манчестер Сити»ни иккита учрашувда ҳам мағлубиятга учратган ягона премьер-лига жамоаси саналади.

Фақатгина «Ньюкасл Юнайтед» (1994/95 йилги мавсумда, 22та гол) ва «Манчестер Юнайтед» (2011/12 йилда 22та гол) АПЛнинг 6-турига қадар «Манчестер Сити»дан (21 гол) кўпроқ гол киритган, аммо якунда иккала жамоа ҳам чемпионликни қўлга кирита олмаган.

Фақатгина Робин ван Перси (олти) Англия Премьер-Лигасининг «Стэмфорд Бридж»да кечган учрашувларда Серхио Агуэродан (бешта) кўпроқ гол урган. Афсуски Агуэро бу сафар Ван Перси натижасини яхшилаш имкониятига эга бўлмайди.

Альваро Мората лондонликлар таркибида ўтган олти учрашувда олтита гол киритишга муваффақ бўлди. Англия Премьер-лигасидаги дастлабки учрашувларда энг яхши тўпурар бу — Мик Куинн (7 учрашувда 10 гол) саналади. Кейинги ўринда собиқ «Челси» ҳужумчиси ,Диего Коста (9 гол) туради.

Йўқотишлар

«Челси» таркибида дисквалификация туфайли Давид Луиз ва жароҳат олган Дэнни Дринкуотер майдонга туша олмайди.

«Манчестер Сити»да эса бу ҳафтадан муаммолар кўпайган. Серхио Агуэро Амстердамдаги автофалокатдан сўнг қай ҳолатда экани ҳозирча аниқ эмас. Катта эҳтимол билан у бир ойга яқин вақт давомида майдонга туша олмайди.

Бенжамен Менди эса тиззасининг олд хочсимон пайлари узилишидан сўнг операция қилинди ва энди апрелга қадар майдонга туша олмайди. Венсан Компани машғулотлар ўтказаётган бўлсада, ҳамон сафга қайтишга тайёр эмас.

Тахминий таркиблар:

Челси: Тибо Куртуа, Сезар Аспиликуэта, Гари Кэйҳилл, Андреас Кристенсен, Маркос Алонсо, Виктор Мозес, Нголо Канте, Тиемуэ Бакойоко, Эден Азар, Педро Родригес, Альваро Мората.
Манчестер Сити: Эдерсон, Кайл Уокер, Жон Стоунз, Николас Отаменди, Данило, Фернандиньо, Кевин де Брюйне, Давид Сильва, Раҳим Стерлинг, Лерой Сане, Габриэл Жезус.