Вазирлар Маҳкамасининг 26.09.2017 йилдаги 765-сон қарори билан Ички ишлар органларининг хизмат уй-жойлари фондини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Norma.uz хабар бермоқда.
 
Ҳужжат қуйидаги тартибни белгилайди:

•  хизмат уй-жойларини ва уй-жойга ёки яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож ходимларни ҳисобга олиш;
•  ходимларга хизмат уй-жойлари ва якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш;
•  хизмат уй-жойлари учун ордерларни бериш, тўхтатиб туриш ва сақлаш.
 
Уй-жойга ёки яшаш шароитларини яхшилашга муҳтож ходимларни ҳисобга олиш, шунингдек уй-жойларни тақсимлаш билан тегишли равишда ИИВ Марказий аппаратининг ва ҳудудий ИИОнинг уй-жой-маиший комиссиялари шуғулланади. Уларнинг таркиби, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, фаолиятини амалга ошириш ҳамда уларнинг ишини назорат қилиш тартиби ички ишлар вазирининг буйруғи билан белгиланади.
 
Ходимларга хизмат жойи бўйича хизмат уй-жойи тақдим этиладиган шарт-шароитлар белгиланди:

•  агар ходим ёки унинг оиласи уй-жой мулкига эга бўлмаса ва уйни ижарага олмаса;
•  агар уй-жойи бўлса (мулкида ёки ижарага),  аммо у хизмат жойидан 60 км ва ундан ортиқ узоқликда жойлашган бўлса;
•  агар уй-жойнинг умумий майдони 1 оила аъзоси учун белгиланган ижтимоий нормадан паст бўлса (ҳисоблашда ходимнинг қўшимча уй-жой майдонига ҳуқуқи ҳисобга олинади);
•  агар ходим айрим сурункали касалликларнинг оғир турлари билан касалланган беморлари бўлган бошқа оилалар ҳам истиқомат қилаётган ва улар билан биргаликда яшаш имконияти бўлмаган квартираларда яшаса;
•  агар ходим қариндош бўлмаган икки ва ундан ортиқ оила истиқомат қиладиган, алоҳида ажратилмаган ёнма-ён хоналарда яшаса.
 
Хизмат уй-жойи ижара шартномаси асосида берилади ва навбат тартибига кўра тақсимланади. Хизмат уй-жойи бўлинмайди ва алмаштирилмайди, шунингдек хусусийлаштирилмайди, бундан айрим ҳолатлар мустасно.
 
Ҳужжат 28.09.2017 йилда кучга кирди.