29 сентябрь куни Халқаро Пресс-клубда "Ўзбекистон Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг АҚШга тарихий ташрифи якунлари: ўзбек дипломатиясининг янги вазифалари" мавзуида анжуман бўлиб ўтди. Анжуман чоғида Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Садиков Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга ташрифи қирғиз халқи учун тарихий аҳамиятга эга бўлганини таъкидлади. Бу ҳақда KUN мухбири хабар беради.

Элчининг қайд этишича, Шавкат Мирзиёевнинг  ташрифи доирасида кўп муаммоларнинг ечими топилди.

"Қирғиз халқи бу кунни жуда узоқ кутган эди, бу икки биродар халқ учун байрам бўлди. Бугун рўй бераётган воқеалар ва президентларимизнинг иродалари ҳаммасининг ўз ўрнига тушишига сабаб бўлди. Куни кеча ратификация қилинган Ўзбекистон-Қирғизистон чегаралари тўғрисидаги шартнома ҳам тарихий аҳамиятига кўра Қирғизистоннинг "Мангу дўстлик" ҳужжати даражасига тенг", - деди элчи.

Қирғизистон Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Данияр Садиков

Бундан ташқари, Данияр Садиков Қирғизистон президентининг яқин кунларда, октябрь ойида Ўзбекистонга келишини тасдиқлади.

Бундан аввал KUN.UZ'да ушбу ташрифнинг 5-6 октябрга режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилинганди.