Афсуски, айрим фуқаролар томонидан қонун талабларига риоя қилмасдан, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда, деб хабар беради «Ўзбекистон24» телеканали.

Самарқанд вилояти Булунғур тумани «Гулзор» маҳалласида истиқомат қилувчи Фахриддин Турсуновнинг истеъмол қилган электр энергиясидан 7 миллион сўмдан зиёд қарздорлиги аниқланиб, бюро ходимлари томонидан хонадон тармоқдан узилаётган вақтда Турсунов давлат инспектори Тошматовни ҳақоратли сўзлар билан нафсониятига тегиб, турли тан жароҳатлари етказган.

Яна бир ҳолат. Пайариқ туманидаги «Чол Мўйин» маҳалласида яшовчи ота-бола Бахтиёр ва Баҳром Қиличовлар савдо дўконларига ўғринча йўл билан электр симини тортиб, ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан фош қилингач, ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнида дўкон эгалари таёқ, тош ҳамда қўл-оёқ билан МИБ ходимларига тан жароҳати етказишган.

Пастдарғом тумани «Новчандир» маҳалласида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилди. Бюро ходимлари Сойибжон Жумоновни электр энергиясидан қарзи борлигидан огоҳлантириш мақсадида хонадонига кирганда, уй эгаси томонидан турли уятсиз сўзлар билан хақоратланган. Шунингдек, уй эгаси бюро ходимининг юз қисмига мушт туширган.

Айни вақтда юқоридаги ҳолатлар бўйича қонунбузарларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Маълумот учун: Жиноят кодексининг 219-моддасида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига фаол қаршилик кўрсатганлик учун 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш, 140-моддасида эса ҳақорат қилган учун энг кам ойлик иш ҳақининг 600 баравари миқдорида жарима белгиланган.