Сиёсатчи Алексей Навальний полиция бўлимидан озод қилинди. У бу ерда 29 сентябрь куни бутун кунни ўтказди. Бу ҳақда Навальнийнинг ўзи твиттерда ёзган.

«Полициядан қўйиб юборишди. Қўллаб-қувватлов учун барчангизга раҳмат. Минтақавий митингларни тўхтатиш режаси иш бермайди. Эртага Оренбург, индинга – Архангельск», - дея ёзган Навальний.

Унинг матбуот котиби Кира Ярмишнинг қўшимча қилишича, сиёсатчига қарши маъмурий иш бўйича суд 2 октябрь куни бўлиб ўтади. Ўшанда Навальнийнинг федерал штаб бошлиғи Леонид Волковнинг иши бўйича йиғилиш ўтказилади, у Нижний Новгородда қўлга олинган.

29 сентябрь куни кечқурун Навальний Нижний Новгороддаги митингда иштирок этишни режалаштирганди. Сиёсатчи уйидан вокзалга бориш учун чиқаётган пайтида, тахминан эрталаб соат 10ларда полиция томонидан қўлга олинди. Нижний Новгород ҳокимияти аввалига Навальнийнинг штабига майдонча таклиф қилган, аммо кейинчалик буни бекор қилди. Полиция эрталаб саҳнани бузиб ташлади.

Навальний ва Волковга қарши оммавий акциялар ўтказиш тартибининг такрорий бузилиши бўйича баённома тузилди. Улар 150 дан 300 минг рублгача жаримага тортилиши ёки 30 кунлик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.